Калгари маҳаллалари ичидаги йўлларда тезлик пасайтирилди

Бугун Калгари шаҳар Кенгашининг навбатдаги сессияси давомида Калгари маҳалллалари ичидаги йўллардаги тезлик 50 км/соатдан 40 км/соатгача пасайтирилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Ҳокимият томонидан олиб борилган ўрганишлар шуни кўрсатдики, тезликни пасайтириш шаҳар четидан марказига етиб олишни бор-йўғи 30 сонияга кўпайтирар, аммо юзлаб авариялар ва улар натижасидаги ўлим ва жароҳатларни камайтирар экан.

Калгари шаҳар Кенгаши 15 кишидан иборат: 14 депутат ва шаҳар ҳокими. Барча қарорлар кўпчилик овози билан қабул қилинади. Бугунги қарор 10-4 (ҳоким овоз бермаган) овоз билан қабул қилинди.

Тезликни пасайтиришга қарши бўлган депутатлар консерватор бўлиб, улар бу ўзгаришни «эркинликлар чеклови» деб атади. Бундай риторика демагог консерваторлар томонидан кўп фойдаланилади. АҚШда республикачилар ковидга қарши маска тақишни ўз эркинлигига тахдид дея аташди. Лекин шу билан бирга негадир автомобилда камар тақиш, кўчада кийиниб юриш, ва ҳ.к. шу каби ҳаракатларни бундай деб ҳисоблашмайди.

(Биласиз-ку, консерватор демагогларни жиним суймайди.)

Баъзи депутатлар эса бу масала ўта муҳим экани, уни муниципал референдумга олиб чиқиш кераклигини таъкидлашди.

Калгарида бу йил кузда шаҳар ҳокими ва кенгаши сайлови бўлиб ўтади. Сайлов пайтида шаҳар аҳолиси ўртасида референдум ўтказилиши ҳам кўриб чиқилмоқда. Лекин кўпчилик (прогрессив фикрловчи) аҳоли бу саволни референдумга олиб чиқишга қарши бўлди. Чунки:

  1. Референдум ўтказиш қиммат, пул беҳуда сарфланади
  2. Депутатлар ва ҳоким тўғридан-тўғри аҳоли томонидан сайланган. Шундай экан, улар ўз ваколатидан фойдаланиб, қарорлар қабул қилиши керак.

Тезликни пасайтириш референдумсиз ҳал қилинган бўлса-да, битта масала барибир шаҳар аҳолиси томонидан ҳал қилинадиган бўлди: бу водопровод сувига фтор қўшиш масаласи. Фтор қўшилган сув тишларга фойда экан.

Ишқилиб, 31 майдан бошлаб шаҳар маҳаллаларида тезлик 40гача туширилади. Тезликни чекловчи белгилар ўрнатиш учун учун шаҳар 2 миллион доллар сарфлайди, аммо авариялар камайиши ортидан сақлаб қолинган мулк эвазига шаҳар 8 миллион доллар иқтисод қилади.

Мен бу янгиликни олқишлайман. Озгина секин юришимиз ҳатто бир дона ўлимни олдини олса, бу арзигулик иш.

Фарҳод Файзуллаев,
Калгари, Канада.
@zambarakning_oqi блоги муаллифи.