Анқара шаҳрида буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий хотирасига ёдгорлик ўрнатилди

3 март куни Анқарада Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ташаббуси билан Халқаро турк маданияти ташкилоти – ТУРКСОЙ ва Анқара ҳокимлиги билан биргаликда “Хива – турк дунёсининг маданий пойтахти” халқаро дастури доирасида, буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий хотирасига бағишланган ёдгорликни очиш маросими бўлиб ўтди. Тадбир ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг Дунё ахборот агентлиги хабар берди.

Тадбирда Туркияда амалий ташриф билан бўлган Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов, мамлакатимиз элчиси Алишер Аъзамхўжаев, ТУРКСОЙ бош котибининг ўринбосари Билол Чақчи, “Туркия-Ўзбекистон” парламентлараро дўстлик гуруҳининг раиси Усмон Местен, Кечиорен туманининг ҳокими Тургут Олтиноқ, Анқара ҳокимлигининг Кечиорендаги вакили Ургут Булут, шунингдек илм-фан, маданият ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Анқарадаги Ал-Хоразмий ёдгорлигини ўрнатиш ТУРКСОЙ томонидан Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан эълон қилинган “Хива – турк дунёсининг маданий пойтахти” халқаро дастури доирасида амалга оширилди.

Туркия пойтахтида Ал-Хоразмий шарафига ёдгорлик ўрнатилиши рамзий аҳамиятга эга. Шаҳар азалдан Европа ва Осиё ўртасидаги муҳим савдо йўлларининг чорраҳасида бўлганлиги сабабли, бу ерда асрлар давомида илм-фан ва маданият ривожланиб келган.

Ёдгорлик Анқара шаҳрининг машҳур боғларидан бирида, Кечиорен туманининг “Жўка водийси” (“Ihlamur Vadisi”) ҳудудида ўрнатилди. Туркия пойтахтидаги ушбу гўзал майдон маҳаллий аҳоли ва мамлакат меҳмонларининг зиёрат қилиш учун севимли жойи ҳисобланади. У 2016 йилда реконструкция қилинган ва 4,5 км узунликдаги сунъий канал атрофидаги хиёбонга айланган. Боғда масжид, махсус ўйин майдончалари ва бошқа дам олиш масканлари мавжуд. Шунингдек, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ва ўзбек диаспораси аъзолари кўмаги билан Анқара ҳокимлиги томонидан ташкил этилган «Фарғона» кафеси мавжуд.

Кечиорен туманининг машҳур боғида ўрнатилган Муҳаммад ал-Хоразмийнинг ҳайкали Ўзбекистоннинг буюк илмий меросини тарғиб қилувчи объектлардан бирига айланди.