БАА Исроилга сармоя киритиш учун 10 миллиард доллар маблағ ажратилишини эълон қилди

Абу Даби валиаҳд шаҳзодаси ва Қуролли Кучлар Олий қўмондонининг ўринбосари Шайх Муҳаммад бин Зоид Ол Наҳаёнга Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняхудан телефон қўнғироғи бўлиб, улар тинчлик муносабати билан икки томонлама муносабатларнинг боришини муҳокама қилдилар.

Қўнғироқдан сўнг Исроилнинг стратегик соҳаларига сармоя киритишга қаратилган қиймати 10 миллиард долларлик фонд ташкил этилганлиги ҳақида эълон қилинди. Ушбу фонд орқали БАА Исроилга энергетика, ишлаб чиқариш, сув, космик, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги технологияси ва бошқа стратегик соҳалар бўйича сармоя киритади.

Жамғарма икки мамлакат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган.  Жамғарма маблағлари ҳукумат ва хусусий сектор муассасалари томонидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан молиялаштирилади.

Жамғарма ташкил этилиши икки мамлакат ўртасидаги тарихий “Иброҳим шартномаси” имзолангандан сўнг амалга оширилди. Ушбу қадам минтақадаги ривожланаётган икки иқтисодиёт ўртасидаги иқтисодий муносабатларни мустаҳкамлаш, сармояларга йўл очиш ва икки мамлакат ва минтақадаги иқтисодий ўсишга туртки бўлади, деб умид қилинмоқда.