Оқ уй Байденнинг қоқилишига изоҳ берди

Оқ уй АҚШ президенти Жозеф Байден самолёт зинасида кўтарилиш пайтида бир неча марта қоқилиб, йиқилганидан кейин аҳволи яхши эканини маълум қилди.

Оқ уй матбуот котиби Карин Жан-Пьер матбуот анжумани пайтида қоқилиш сабаби Андреус ҳарбий-ҳаво кучлари базасида эсган кучли шамол бўлиши мумкин деб ҳисоблади.

“Шамол жуда кучли эди”, – деди Жан-Пьер ва Байден 100 фоиз яхши ҳолатда эканлигини таъкидлади, аммо у президент самолётда ўзи билан бирга саёҳат қилган шифокор томонидан текширувдан ўтган-ўтмаганига ойдинлик киритмади.

Жума куни АҚШ президенти Атланта шаҳрига сафар қилиш учун биринчи рақамли самолёт зинапоясидан кўтарилаётганда ноқулай вазиятга тушиб қолди, у қоқилиб кетиб, битта тиззаси билан йиқилди.

Ҳодиса 78 ёшга тўлган ва АҚШ президентига айланган кекса сиёсатчи Байденнинг соғлиғига нисбатан хавотирлар кучайиб бораётган бир пайтда юз берди.

Ўтган йили ноябрь ойи охирида Байден итларидан бири билан ўйнаб, ўнг оёғини синдирган эди.