Туркия ташқи ишлар вазири Мевлут Чавушўғли бошчилигидаги делегация Бухорода

Делегацияга Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосари, туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов, ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва бошқа расмийлар ҳамроҳлик қилмоқда.

Бугун делегация аъзолари Бухоронинг диққатга сазовор жойлари бўлмиш қадим Пойи калон мажмуаси, Мири Араб мадрасаси, Лаби Ҳовуз комплекси ва у ердаги ҳунармандлар билан учрашишди, қолаверса Арк қўрғонида ташкил қилинган театрлаштирилган саҳна кўринишлари меҳмонлар эътиборига ҳавола этилди.

Турк делегациясининг Бухорога ташрифи ўз ниҳоясига етди.

Ташриф давомида Мевлут Чавушўғлининг бугун Самарқандга ташриф буюриши ва Туркия Бош консулхонасининг расмий очилиш маросимида иштирок этиши кутилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Туркия делегацияси 6-9 март кунлари Ўзбекистонга ташрифи доирасида икки мамлакат ташқи ишлар вазирлари раислигида Стратегияни режалаштириш гуруҳининг иккинчи йиғилишида иштирок этади.

Шунингдек, ташриф дастурида Тошкент шаҳрида Ташқи ишлар вазирлиги, бошқа вазирлик ва идораларда учрашувлар ва музокаралар ўтказиш кўзда тутилган.