Яна икки араб давлати тез орада Исроил билан алоқаларини мўътадиллаштиради

АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трампнинг куёви ва маслаҳатчиси Жаред Кушнер яна иккита араб давлати: Саудия Арабистони ва Қатар Исроил билан алоқаларини мўътадиллаштириш жараёнига қўшилишини айтди.

“Биз Араб-Исроил можароси деб аталган ҳодисанинг сўнгги қолдиқларига гувоҳ бўлмоқдамиз”, деди Кушнер The Wall street journal газетасида чоп этилган мақоласида. У қўшимча қилиб: “Араб-Исроил можаросини узоқ вақт давом этишининг сабабларидан бири бу Исроил ва фаластинликлар ўзаро келишмовчиликларни ҳал қилгандан кейингина ҳал қилиниши мумкин деган афсона эди. Бу ҳеч қачон тўғри бўлмаган”.

Кушнер: “Араб дунёси энди яҳудий давлатини бойкот қилмаяпти, аксинча унинг гуллаб-яшнашига пул тикмоқда. Иброҳим келишувларига қўшилиш арафасида турган бошқа кўплаб мамлакатлар, жумладан Уммон, Қатар ва Мавритания ушбу алоқаларни қатъийлик билан давом эттириши керак. Ҳар қандай келишув бетартибликни афзал билганларга зарба беради.”

“Саудия халқи Исроил уларнинг душмани эмаслигини кўришни бошлади. Исроил билан муносабатлар Саудия миллий манфаатларига мос келади ва Байден маъмурияти саъй-ҳаракатларга раҳбарлик қилса, бунга эришиш мумкин”, деди Кушнер.