Япония элчихонаси “Ипак йўли” университетига ўқув адабиётлари тақдим этди

2021 йил 17 март куни Ўзбекистон Республикаси туризмни ривожлантириш Давлат қўмитаси раиси, “Ипак йўли” туризм халқаро университети ректори А.Абдуҳакимов ва Япониянинг Ўзбекистондаги элчихонаси маслаҳатчиси Атсуши Суда ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув давомида таълим соҳасида икки мамлакат сиёсати изчил ва самарали тараққиёт босқичи, илмий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, академик алмашинув, университетлар ва илмий-тадқиқот институтлари вакилларининг ташрифи, қўшма конференциялар, семинарлар, форумлар ва таълим кўргазмаларини режалаштиришга алоҳида аҳамият берилди.

Ташриф муносабати билан Япония элчихонаси маслаҳатчиси томонидан “Ипак йўли” университети талабаларини Япония анъаналари ва маданияти билан яқинроқ таништириш ҳамда ўқув жараёни сифатини янада такомиллаштириш мақсадида қатор китоб ва ўқув қўлланмалар тақдим этилди. Ушбу китоблар, шубҳасиз, университет кутубхонасининг “Буюк Ипак йўли” мавзудаги Осиё мамлакатлари адабиёти фондини бойитади.

“Ипак йўли” туризм халқаро университети рейтингини оширишнинг асосий мақсадларидан бири – улкан ва бой кутубхона ташкил этиб, унда талабаларни туризмнинг кўп қиррали соҳаси билан янада чуқурроқ таништириш учун барча шароитларни яратиш. Бу борада кўплаб халқаро ва маҳаллий инстанциялар, туристик ташкилотлар ва юртимизда фаолият ёритаётган хорижий давлатлар элчихоналари саъй-ҳаракати билан университетнинг кутубхонаси фонди жадал кенгайиб бормоқда. Шу нуқтаи назардан, замонавий ва жадал ривожланаётган туризм соҳасидаги билимларнинг очиқ манбаи ҳисобланадиган кутубхона имижини тарғиб қилиш мақсадга мувофиқдир.

“Ипак йўли” туризм халқаро университети машҳур ва нуфузли олий ўқув юртларидан бири бўлиб, нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё минтақасида туризм соҳасидаги биринчи университет ҳисобланади. Туризм соҳаси учун истиқболли кадрларни тайёрлаш жараёни бакалавриат, магистратура, докторантура, ҳамда қўшма таълим дастурлари (Double degree) босқичларида бардавом олиб борилмоқда. Университет ўқув жараёнига туризм соҳасидаги юқори малакали мутахассислар кенг жалб этилган.

Ўқув дастури эса билим, кўникма ва тажриба ошириш мақсадида етакчи хорижий олийгоҳларда талабаларни амалиёт ўташ имкониятини беради.
Университетимизнинг Шарқнинг илм-фан маркази – қадимий ва навқирон Самарқанд шаҳрида жойлашганлиги унинг мавқеини янада оширишга хизмат қилади.

“Ипак йўли” университети матбуот хизмати.