Давлат хизматлари кўрсатишни такомиллаштириш бўйича халқаро тажриба ўрганилмоқда

Маълумки, “Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизмати ва ижтимоий инновациялар бўйича давлат агентлиги ва Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ўртасида Ўзбекистон Республикасида Давлат хизматлари марказларини ривожлантириш бўйича ўзаро англашув Мeморандуми имзоланган. Шунга кўра, айни пайтда Давлат хизматлари агентлиги директори бошчилигидаги делегация Озарбайжон Республикасида бўлиб турибди. Делегация таркибида агентликнинг Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи ҳам бор.

Давлат хизматларини кўрсатиш соҳасида тажриба алмашиш орқали ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсад қилинган ушбу хизмат сафари давомида делегация аъзолари Давлат хизматлари ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги, “Электрон ҳукуматни ривожлантириш” маркази, “Иннолэнд” инкубация маркази, “ASAN” маркази, Call-марказ, мобил “ASAN хизматлари” фаолияти билан танишишди.

Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар давлат агентлигида бўлиб ўтган учрашувда томонлар икки давлат агентликлари ўртасида Ҳаракатлар режасини муҳокама қилишди. Шунингдек, Боку шахридаги ASAN-XIDMET марказлари иш фаолияти билан танишилиб, рақамлаштириш, фуқароларнинг насл-насаб шажарасини яратиш бўйича амалга оширилган ишлар ўрганилди.  

Таъкидлаш ўринлики, Озарбайжон Республикаси Президенти ҳузуридаги Фуқароларга хизмат кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар давлат агентлиги тизимида бугунги кунда 20 та “ASAN-XIDMET” марказлари, 10 та “ASAN-Bus”, 1 та “ASAN-Train” ва 2 та “ASAN-Kommunal” маркази халқ хизматида.

— Фаолият бошлаганига 10 йилдан ортиқ вақт бўлган ушбу марказлар орқали айни пайтгача 41 млн.дан ортиқ хизмат кўрсатилган, — дейди делегация аъзоси ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси бошлиғи М.Курбонов. — Фуқароларга хизмат кўрсатаётган ҳар бир марказда одамларга янада қулайлик яратиш мақсадида Call-марказ, ASAN-Radio, ўқув маркази, ситиуацион марказлар фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Бундан ташқари, “ASAN-XIDMET” марказларида хизмат кўрсатувчи давлат органларининг бўлимлари, жумладан, Адлия вазирлигининг ФҲДЁ бўлимлари ҳам фуқароларга хизмат кўрсатади. Айтиш ўринлики, бу каби тажрибаларни ўзимизда қўллаш яхши самара беради. Биз ташриф чоғида фуқароларга давлат хизматлари кўрсатишнинг озарбайжон тажрибасини маҳаллийлаштириш масаласини ҳам кўриб чиқаяпмиз. 

ДХА директори У. Муҳаммадиев бошчилигидаги делегация аъзолари Озарбайжон Республикасининг қадимий Шемаха шаҳрида ҳам бўлишди ва 100 мингдан ортиқ аҳолига давлат хизматлари кўрсатиб келаётган Шемаха шаҳридаги замонавий “ASAN-XIDMET” маркази билан танишишди.

Ташриф давомида “ABAD” маркази фаолияти ҳам ўрганилди. Мазкур марказ Озарбайжон Республикаси Президенти И.Алиев Фармонига асосан 2016 йилда ташкил қилинган бўлиб, марказ орқали тадбиркорларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатилади ва тадбиркорлар тайёрлаган маҳсулотлар “ABAD” марказида ташкил қилинган савдо нуқталари орқали сотилади. Тадбиркорлар эса фақат маҳсулот ишлаб чиқариш билан шуғулланади.

Маълумот ўрнида қайд этиш жоизки, Агентлик делегатлари бугун Грузия Республикасида бўлиб турибди. Мезбоннинг таклифига биноан ташриф буюрган делегатлар сафарнинг илк кунида Тбилиси шаҳридаги “адлия уйи”нинг “Public Service Hall” фаолияти билан танишишди. Мазкур тизим 2011 йилда ташкил қилинган бўлиб, ҳозирда республика бўйича фаолият юритаётган 25 та “адлия уйлари” орқали 400 тадан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилади. Республиканинг узоқ ва тоғли ҳудудларида эса 86 та марказлар фаолияти йўлга қўйилган.

Делегация аъзоларининг таъкидлашича, “Адлия уйлари”да фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш учун барча қулай шароитлар яратилган. Жумладан, ўз-ўзига хизмат кўрсатиш жойи, ногиронлар учун алоҳида йўлаклар ва аравачалар, шикоят ва таклифлар бурчаги ташкил қилинган.

Мансур ҲАСАНОВ,
ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати раҳбари