Францияда 4 ҳафталик карантин эълон қилинди

Франция президенти Эмануэл Макрон мамлакатнинг барча ҳудудларида тўрт ҳафталик карантин жорий қилди. Бу ҳақда Макроннинг аҳолига қилган мурожаатномасига таяниб, France24 телеканали хабар берди.

Коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг кескин кўпайгани карантиннинг қайта жорий этилишига асосий сабаб бўлди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилот (ЖССТ) маълумотларига кўра, Францияда 20 январда 23 347 кишида, 20 февралда 23 170 кишида коронавирус аниқланган, март ойининг ўрталаридан бошлаб бу кўрсаткич ўса бошлаган: 12 мартда 27 166 кишида, 17 март куни 29 145 кишида, 26 март куни 45 401 кишида коронавирус қайд этилган. 1 апрель куни эса бу кўрсаткич 58 828 нафарга етди.

«Вирус нафақат юқумли, балки ўта хавфли ҳам», — деди давлат раҳбари ва «ҳозир жонлантириш бўлимидаги беморларнинг 44 фоизи 65 ёшдан кичик» эканини таъкидлади.

Карантин сабабли жорий қилинган чора-тадбирлар:

 • мамлакатнинг барча ҳудудида соат 19:00 дан комендантлик соати йўлга қўйилди;

 • ходимларнинг имкон борича масофавий иш тартибига ўтиши белгиланди;

 • болалар боғчаси, мактаб ва коллежларнинг фаолияти уч ҳафтага тўхтатилди, талабалар ҳафтада бир марта университетга бориши мумкин;

 • бирламчи эҳтиёж маҳсулотларини сотмайдиган дўконлар ёпилди, китоб ва мусиқа дўконлари, шунингдек, хўжалик маҳсулотлари дўконлари бундан мустасно. Сартарошхоналар ҳам фаолиятини давом эттиради;

 • изоляция ҳудудидан жиддий сабабларсиз 10 километрдан ортиқ масофага чиқиш тақиқланади; францияликлар бир ҳудуддан бошқа ҳудудга фақат Пасха байрамида бориши мумкин.

Шунингдек, Макрон ўзининг Twitter саҳифасида тез орада жонлантириш бўлимларида ўринлар сони 10 мингтагача оширилиши, бу эса тиббиёт муассасаларида оғир касаллар кўпайишининг олдини олиши ҳақида ёзди.

Аввалроқ Франциянинг 19 та ҳудудида карантин чоралари жорий қилинган эди. Улар орасида пойтахт ҳудудида жойлашган Ил-де-Франц, Лион ва мамлакатнинг бошқа минтақаларидаги шаҳарлар ҳам бор эди. Давлат таркибига жами 101 та ҳудуд киради, улардан бештаси Франциянинг асосий ҳудудидан узоқда, денгиз бўйида жойлашган. Мамлакат бўйлаб 19:00 дан 06:00 гача комендантлик соати жорий қилинган, шунингдек, барлар, ресторанлар, музейлар, кинотеатрлар ва одамлар йиғиладиган бошқа жойлар фаолияти тўхтатилган.