Президент денгиз портларига чиқиш имкониятини берадиган темир йўл қурилиши ҳақида гапирди

Шавкат Мирзиёев Самарқанд вилоят фаоллар йиғилишида мамлакат иқтисодиётини ривожлантириш учун амалга оширилаётган ишлар, хусусан, «Мозори-Шариф — Кобул — Пешавор» темир йўли қурилиши борасида маълумот бериб ўтди.

«Ҳар қандай иқтисод учун темир йўлнинг ўрни жуда катта. Агар шу вақтгача Хитой ёки бошқа Осиё давлатларига олиб чиқадиган темир йўл қурганимизда эди, қўшимча бозорлар пайдо бўларди, ишлаб чиқараётган маҳсулотларимиз таннархи 60-70 фоизга камайган бўларди.

Биз шу вақтгача фақат Россия ва Қозоғистонга экспорт қилиб келмоқдамиз. Маҳсулотимизни чиқариш учун бизда бошқа йўл йўқ. Шундай бўлгач, йўл ҳақи ҳам шунга яраша катта бўлади. Истаган вақтларида маҳсулотларимизни рад этишлари мумкин. Агар бизда бошқа муқобил танлов бўлганида эди, Ўзбекистоннинг маҳсулотларига муносабат ҳам бошқача бўлар эди. Рақобат ошарди.

Шу мақсадни амалга ошириш учун Афғонистон орқали темир йўл қуряпмиз. У битиб, ишга тушса, Афғонистон ва Покистон орқали денгиз портларига чиқиш имконияти пайдо бўлади. Лойиҳани амалга ошириш осон бўлмаяпти, бунинг учун хориждаги ҳамкорларимиз билан музокаралар олиб боряпмиз.

Покистон бош вазири Имрон Хон дўстимиз билан яқин алоқада бўлиб турибмиз. Афғонистон орқали темир йўл қурамиз, аммо унинг хавфсизлигини ким таъминлаб бера олади? Фақат Покистон. Шу сабабли Имрон Хон билан бамаслаҳат иш олиб бормоқдамиз. Бу йўл қурилишидан биз қатори Афғонистон ҳам, Покистон ҳам бирдек манфаатдор», — деди давлатимиз раҳбари.

Манба: xabar.uz