256 нафар этник қозоқлар Туркманистондан чиқиб кетди

«Азаттык»- «Озодлик» радиосининг қозоқ хизматининг хабар беришича,14-май куни Туркманистонлик 256 нафар этник қозоқ Қозоғистонга бутунлай кўчиб келдилар. Улар мамлакатнинг Мангистау вилоятига қарашли Жанаўзен шаҳрига жойлашдилар.

Чегарада узоқ вақт давом этган текширувлар сабабли поезд манзилга 7 соатга кеч қолиб келди.

«Азаттык»нинг хабар беришича, янги келганларни яқинлари қўшиқ ва рақслар билан кутиб олишган. Жанаўзенга келганларнинг бир қисмини қариндошлари олиб кетишди, Қозоғистонда ҳеч кими йўқ инсонлар эса миш-мишларга қараганда Каспий денгизининг соҳилидаги  Актау  шаҳрига жойлаштирилади.

Коронавирус пандемияси туфайли бу инсонлар бир йил давомида Туркманистондан чиқиб кета олишмаган эди. Улар катта қийинчилик билан визага рухсатни қўлга киритишди.