АҚШ Ковид вакцинаси патентидан воз кечишини айтмоқда

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари АҚШнинг коронавирусга қарши вакциналар патентига даъвогарликдан воз кечиш тўғрисидаги қарорини мамнуният билан қабул қилди ва уни ҳалокатли вирусга қарши курашда “улуғворлик рамзи” деб атади.

ЖССТ ижрочи директори Тедрос Аденом Гебреесус Байден маъмуриятининг интеллектуал мулк ҳуқуқидан воз кечишини “глобал соғлиқни сақлаш муаммоларини ҳал қилишда етакчилик” намунаси сифатида эътироф этди.

АҚШда Ковид-19 вакциналарининг юксак таъминотига имкон яратган Байден ҳукуматига, вакцинани глобал миқёсда тенг тақсимланишини қўллаб-қувватлаш ва мамлакат вакцина заҳирасини бошқа ривожланаётган давлатлар билан бўлишиш учун кенгроқ чоралар кўриш бўйича мурожаатлар келиб тушган.

Патентдан воз кечиш сиёсати тарафдорларидан бири бўлмиш “Чегарасиз тиббиёт ходимлари”  гуруҳи ҳам ушбу қарорни “мисли кўрилмаган халқаро тақчиллик” даврида “жасур ва оқилона” қарор дея олқишлади.

АҚШ савдо вакили Кетрин Тейнинг таъкидлашича, Вашингтон ЖСТ (Жаҳон Савдо Ташкилоти) билан имтиёзлар бўйича музокаралар олиб боради. Оқ Уй аппарати раҳбари Рон Клейн, Тай хоним Жаҳон савдо ташкилоти билан ” вакцинани қандай қилиб кенг миқёсда тарқатиш, кўпроқ лицензиялаш ва кенгроқ баҳам кўриш тўғрисида” музокаралар олиб боришини айтди.

Ўтган йилнинг октябрь ойида Жанубий Африка ва Ҳиндистон Жаҳон Савдо Ташкилотига коронавирусга қарши курашиш учун зарур бўлган вакциналар ва бошқа тиббий технологияларга нисбатан интеллектуал мулк ҳуқуқидан воз кечиш тўғрисида сўров юборишди. Ўшандан бери 100 дан ортиқ мамлакатлар ушбу сўровни қўллаб-қувватлаган.