Ақсо масжиди: кеча, бугун ва эртага

Қуддусда жойлашган Масжиди Ақсо ҳам мусулмонлар, ҳам яҳудийлар учун улкан аҳамиятга эга даргоҳдир. Мусулмонлар учун илк қибла бўлганлиги ва пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в.)нинг меърож кечаси осмонга кўтарилганликлари, яҳудийлар учун эса ҳазрати Сулаймон томонидан қурилган ибодатхона эканлиги учун муқаддас ҳисобланади. Фақат афсуски Масжиди Ақсо ва унда намоз ўқиётган мусулмонлар тинимсиз равишда яҳудийларнинг исканжасидан азоб чекмоқдалар.

2015-йилнинг 14-сентябрида яҳудий тақвимига кўра янги йил ҳисобланган Рош Хашана байрами куни Исроил Зироатчилик вазири Ури Ариэль бошчилигидаги 50 кишилик яҳудийлар Масжиди Ақсога Исроил аскарларининг ёрдамида бостириб кириб, у ерда ибодат билан машғул Фаластинликларга ҳужум қиладилар. Улар мусулмонларга газ бомбалари ва пластик ўқларни ёғдириб, масжидга ҳам зарар берадилар. Бу ҳам етмагандек, 25 нафар мусулмон полиция томонидан қамоққа олинади.

Тилга олинган бу воқеа тарихда илк кез содир бўлгани йўқ. 1969-йили Деннис Майкл Роан исмли Австралиялик радикал яҳудий шахс Масжиди Ақсонинг меҳробини ва минг йиллик тарихга эга минбарини ёқиб юборади. 1980-йили эса Исроил Қуддусни ўзининг абадий ва ўзгармас пойтахти деб эълон қилди ва яҳудийлар энди босар-тусарларини билмай қолди.

1990–йили Қуддус масаласи бўйича Норвегия пойтахти Ослода музокаралар олиб борилаётган бир пайтда норозилик намойишига чиққан 30 нафар Фаластинлик мусулмон Исроил аскарлари томонидан ўлдирилади. 2000-йилнинг 28-сентябрида эса Ликуд партиясининг лидери Ариэль Шарон мингга яқин яҳудий билан бирга масжидга кириб келади ва шундан сўнг Фаластин халқига қарши зулм борган сари ошиб бораверади.

Масалан, 2014-йили Исроил Масжиди Ақсони 24 соатга қулфлаб қўяди ва 50 ёшдан кичик инсонларнинг киришини ҳам таъқиқлайди. Бундан норози бўлганларни жазолаш мақсадида аскарлар яна масжидга бостириб кириб, уни оёқ ости қилади ва мусулмонларнинг иззат-нафсига тегади. Воқеа асносида жуда кўп инсон яраланади.

Тарихда ҳеч қачон ўз давлатларига, муқим яшаш жойларига эга бўлмаган яҳудийлар учун 1948-йили Фаластин тупроқларида Исроил давлатининг қурилиши билан сургун ва кўчманчиликка нуқта қўйилади. Ва минг бор афсус, айни йили бошланган Исроил ва Араб давлатлари ўртасидаги урушда араблар мағлуб бўлади ва Исроил шарқий Қуддусни ишғол қилиб олади.

1967-йилги урушда эса Қуддус тамоман босиб олинди. Масжиднинг ғарбий қисмида жойлашган Фас маҳалласи бузиб ташланди ва ҳазрати Сулаймон масжидидан қолган деб иддао қилинадиган Йиғи девори ёки Буроқ девори тош ва ахлатлардан тозаланиб марказга айлантирилди.

Мафдал, Ихуд Леуми, Гуш Эмуним ва Габад Хасидей каби радикал диний партияларнинг мансублари Йиғи деворини Сулаймон масжидидан қолган ягона ёдгорлик сифатида кўрадилар ва тезроқ ўша ибодатхонани қайта тиклашга ва Қутқарувчи Мессиянинг келишини тезлаштиришга чақирадилар. Бунинг учун эса Масжиди Ақсодан ва мусулмонлардан қутулиш ва минтақани тамоман яҳудий ерига айлантириш керакдир.

Mасжиди Ақсонинг статуси

I-жаҳон урушидан кейин Усмонли туркларнинг Фаластиндан кетиши билан Англия дарҳол минтақага етиб келиб вақтинчалик ҳарбий бошқарувини ўрнатиб олади. 1922-йили эса Фаластин Миллатлар Жамиятининг қарори билан расмий равишда Буюк Британия протекторатига ўтади. 1917-йили инглизлар машҳур Балфур декларациясини эълон қиладилар ва яҳудийлар учун бир ватан лозим, деган ғояни илгари сурадилар. Декларацияда гўёки араб ва мусулмонларнинг ҳуқуқлари асло поймол бўлмайди, икки миллат ёнма-ён аҳил яшайди, деган фикрлар олға сурилгандек бўлсада, асосий мақсад Исроил яҳудий давлатини қуриш эди ва бу жараён 1947-йилгача давом этди. Илк бошларда мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари оз бўлсада, ҳимояланган эди ва ҳаттоки 1929-йили халқаро бир комитет Йиғи деворининг жойлашган ерлари фақат мусулмонларга тегишли, яҳудийлар бу ерда фақат дуо қила оладилар, ҳеч қандай бино қуришларига рухсат берилмайди, маъносида бир қарор ҳам чиқарган эди.

1945-йили инглизлар ортиқ араблар ва яҳудийларни муросага келтириш имконсиз деб Бирлашган Миллатлар котибиятига мурожаат қиладилар ва 1947-йилнинг 25-декабрида Қуддус ҳарбий ҳаракатлардан озод, БМТнинг ҳимояси остидаги мустақил шаҳар мақомига эга бўлади. Бу мақом 10 йилдан сўнг реферандумда муҳокама қилиниши ва овозга қўйилиши керак эди. Фақат на араблар, на яҳудийлар бу қарорни қабул қиладилар ва ўртадаги низолар яна давом этади. Ҳарбий ҳаракатлар натижасида Исроил ғарбий Қуддусни, Иордания эса эски шаҳарни ҳам ўз ичига олган шарқий Қуддусни ишғол қилади ва шу тариқа Қуддус иккига бўлиниб кетади.

1948-йилнинг 14 май куни Британия расмий равишда Қуддус протекторатидан воз кечади ва бу сана Исроил давлатининг расмий қурилиш санаси сифатида қабул қилинади. Бундан қаттиқ норози Фаластинликлар эса яҳудийларнинг ҳужумларида қурбон бўла бошлайдилар.

1948-йил 11 декабрда БМТ 194-сонли қарор қабул қилади, унда Қуддуснинг халқаро мақомини яна бир кез таъкидлаб, уйларидан қувилган фаластинликларнинг қайтиб келишини таъминлаш, Фаластин минтақасида жойлашган муқаддас ерлар ва диний даргоҳларнинг ҳимоя қилиниши” айтилганди. Фақат бу қарор амалда ижро қилинмайди ва айни йилнинг 20 декабрида олинган Кнессет қарори билан бутун давлат ташкилотлари Қуддусга кўчирилади. Исроил парламенти – Кнессетнинг илк мажлиси ҳам 1949-йилнинг февралида Қуддусда ўтказилади.

1949-йилнинг апрелида Исроил ва Иордания вақтинчалик ҳарбий ҳаракатларни тўхтатишга келишиб олади ва натижада Исроил Фаластиннинг 78% ерини назорат остига олади. Пировардида 1950-йили Кнессет Қуддусни Исроил пойтахти деб эълон қилди.

1967-йили Исроил, ўша пайтдагача Иордания ҳимоясида бўлган шарқий Қуддус ва ғарбий Соҳилни ишғол этди ва бу минтақани тамоман эгаллаб олди. Айни йилнинг 22-ноябрида БМТ махсус қарори билан Исроилга ишғол қилинган ерлардан чиқиб кетиш мажбуриятини юклайди. Фақат Исроил, Фаластин Озодлик Ҳаракати ва Суриянинг бу қарорни қабул қилмаганликлари ва музокараларга қўшилмаганликларини рўкач қилиб минтақадан чиқиб кетмайди ва ишғол қилишда давом этаверади.

Натижада 1980-йили Исроил олинган шунча қарорлар ва дунё ҳамжамиятининг норозилигига қарамай, Қуддусни ўзининг абадий пойтахти деб эълон қилади.

Кўриб турганингиздек, Исроилнинг БМТ ва дунё ҳамжамиятига қарши шунча ҳурматсизлиги ва беписандлигини қайтадан эслаш ва барчага эслатишнинг, Фаластин мусулмонларининг ҳуқуқлари қанчалик таҳқирланганини янги наслга тушунтириш вақти аллақачон келди.

1973 йил урушидан кейин Исроил Иордания билан келишув имзолашга яқин бир ҳолатда эди, шу тариқа Қуддус ва унинг атрофдаги ерларда Исроилнинг зулми сал бўлса ҳам камайган эди. 1994-йил эса АҚШнинг ташаббуси билан улар ўртасида Водий Араба Келишуви имзоланди.

Айни йилнинг 25-июлида имзоланган Вашингтон Декларациясига кўра Фаластин минтақасида жойлашган муқаддас ёдгорликлар Иордания Вақф вазирлигининг ҳимоясида қолиши керак эди ва қоғозда бунга ҳозир ҳам амал қилинмоқда.

Фаластинликларнинг Масжиди Ақсога бўлган севгисини жуда яхши билган Исроил ҳукумати вақт ўтиши билан, Беньямин Нетаньяху замонида бу даргоҳнинг яҳудийларга ҳам тегишли эканлиги ғояси билан чиқдилар ва ўртадаки негатив атмосферани баттар ҳолга келтирдилар. Бундан норози мусулмонларга ўқотар қуроллар ва газ бомбалари ёғдирилди. Воқеа ислом оламида катта тепки уйғотгач, Нетаньяху камералар қаршисига чиқиб, биз шунчаки ўз динимизни ҳимоя қилмоқчи эдик, деб ўзларини оқлашга уринди. Ҳолбуки, халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра Исроил бу минтақада ўз динини тарғиб қилиш ёки ибодатини амалга ошириш ҳаққига эга эмасди ва бу ерлар фақат мусулмонларга тегишли эди.

Масжиди Ақсога зарар бермоқчи ва мусулмонларнинг жиғига тегмоқчи бўлган яҳудийлар эса турист қиёфасида ярим-яланғоч кийиниб масжидга киришга ва уни оёқ ости қилишга уринадилар. Бунга қаршилик кўрсатган мусулмонларни эса Кнессет ашаддий террористлар, маъсум туристларни тунамоқчи бўлган қароқчилар деб атайди.

Хулоса сифатида шуни айтиш мумкинки, Исроил давлатининг эълон қилиниши ва Қуддусни ўлжа сифатида қўлга киритишга доир бузғунчиликлар бошланмагунча, тарихда бу муқаддас даргоҳнинг мақоми билан боғлиқ бирор жанжал-низолар бўлмаган эди. Усмонли турклар ҳокимиятининг ағдарилишидан сўнг, улар даврида амал қилинган қоидалар инглиз протекторати даврида (1922-1948) ҳам давом этди. Фақат 1948-йили Исроил давлати қурилгач, вазият тубдан ўзгарди.

Фаластин-Исроил муаммосининг ечимини фақатгина Қуддус ва Масжиди Ақсогагина боғламаслик керак. Зеро, сиёсий ва экономик муаммоларни ҳал қилиш диний илдизга эга масалаларни ечишдан анча осон эканлиги барчага маълумдир. Исроилнинг бу минтақада сурункали равишда олиб борган ва рамазон ойида атайин янада жадаллаштирган ишғол ва бузғунчилик ҳаракатлари бизга шуни кўрсатмоқдаки, Қуддуснинг мақоми халқаро ҳамжамият томонидан якуний равишда аниқланмагунгача ва эълон қилинмагунгача Фаластин халқи Исроил зулмининг қурбони бўлиб қолаверади.

Саида Дариева тайёрлади