Австрияда ирқчилик жанжали

Бутун дунёнинг кўз ўнгида Фаластинда инсон ҳақлари ер билан поймол бўлган бир пайтда, Австрия Бош Вазири Себастьян Курц ирқчилик жанжалига мой сепди.

Унинг кўрсатмасига биноан мамлакатдаги давлат биноларига Исроилни қўллаб-қувватлаш мақсадида Исроил байроғи қадалди. Фақат бу воқеа жуда кўп инсонларнинг, шу жумладан сиёсатчиларнинг, олимларнинг  ҳам нафратига учрагани сабаб байроқлар ҳеч қандай тушунтириш ва изоҳсиз олиб ташланди.

Курц 14-май куни Twitter ҳисобида Исроилга дастак бўлиш мақсадида Бош Вазирлик биносига байроқ кўтаришни буюрганини ёзган эди.

Бино ёнига тўпланган инсонлар бунга қарши норозилик билдирдилар ва Курцнинг бу иши давлат конституциясига ва умуминсоний қадриятларга буткул зид эканлигини таъкидладилар.

Ўз ижтимоий ҳисобида Фаластин байроғини улашган бир сиёсатчи бош вазирнинг партиясидан истеъфога чиқди. Намойишда иштирок этган Австрия-Араб жамиятининг бошлиғи Фриц Эдлингер Курцнинг бу ҳатти-ҳаракати туфайли бир Австриялик сифатида уялаётганлигини айтди.