Бир аёлнинг хотира дафтаридан

1919-йил эди. Истанбул инглизларнинг ишғоли остида қолганди. Мен эса лицейни янги битирган ёш қизча эдим. Уйга совчилар кела бошлашди. Бир йигитни жуда мақтадилар, ақлли-одобли, ўқимишли, адвокат дедилар. Узоқтан уни менга кўрсатдилар, йигитни ёқтирдим ва фотиҳага рози бўлдим.

Яқинда ўзимнинг оилам бўлади, фарзандларимга она бўламан деган ширин ўй-хаёллар билан кечалари ўтириб нақшлар, жияклар тикар, сарпомни тайёрлардим. Фақат афсуски, бу беғубор дамлар узоққа чўзилмади. Маҳаллада одамлар қайлиғим ҳақида ғалати миш-мишлар тарқата бошлашди. Нима эмиш, Ойшанинг (менинг) турмуш қурадиган одами ғирт бетайин кўча безориси эмиш, адвокат эмас, жанозаларда тобуткашлик қилиб кун кўрармиш.

Бу гапларга чек қўйиш учун отам билан уни узоқдан кузатгани бордик. Не кўз билан кўрайки, ҳақиқатдан ҳам қайлиғим  масжиддан тобуткашлик қилиб чиқиб кетаётган эди. Дунём остин-устун бўлди. Фотиҳани буздик.

Орадан 5 йил ўтди. Мен турмуш қуриб, фарзандли бўлган эдим. 1924-йил, Туркия мустақил давлатга айланиб бўлган эди. Бир куни ўғлимни олиб, Бойўғли томонларга айлангани олиб бордим. Тасодифан ўша собиқ қайлиғимни кўриб қолдим. У мени кўриб титраб кетди. Кейин эса ҳурмат билан “Агар вақтингиз бўлса, бир пиёла чой ичайлик”,-деди.

Рози бўлдим. У мени бир бюрога бошлаб борди. Эшикка бу ернинг адвокатлик бюроси эканлиги ва эгасининг эски қайлиғим эканлигини тасдиқловчи лавҳа осилган эди.

“Сиз чиндан ҳам адвокатмисиз”,-деб сўрадим.

У ҳа, деб ишорат қилди.

Ҳайратландим ва ўшанда нега унинг тобут ташиб юрганини сўрадим. У бирпас жим турдида, бошини эгди.

“Мени кечиринг. Истанбул душман ишғоли остида эди. Ҳамма ёқни инглиз асакарлари босиб олган эди. Ҳамма ерни қурол-аслаҳа қидириб тинтиб чиқишаётган вақтлар эди. Биз эса ватанимизга, миллий истиқлол учун курашга ёрдам бериш учун тобутларнинг ичига қурол қўйиб аскарларимизга жўнатар эдик. Бу ватан учун жуда муҳим бир иш эди. Ҳатто сизга ҳам буни айтолмаган эдим”.

Қўл-оёқларимдан жон чиқиб кетди, кўзларим ёшга тўлди. Ортиқ чидолмадим ва у ердан тезгина кетдим. Ойлар давомида бу воқеанинг таъсирида қолдим ва ўзимга келолмадим.

Турк тилидаги Тарихдан ёзувлар фейсбук саҳифасидан олинди.