Дунёдаги саккизинчи қитъани топиш учун 375 йил вақт кетди

Доим кўзлари олдида яшириниб турган дунёнинг саккизинчи қитъасини кашф этиш учун олимларга 375 йил вақт керак бўлди. Аммо сирлар ҳали очилгани йўқ.

1642 йилда тажрибали голландиялик денгизчи Абел Тасман жанубий ярим шарда улкан қитъанинг мавжудлигига ишонган ва уни топишга қарор қилган, лекин афсус унинг ҳаракатлари бесамар кетган.

2017 йилда бир гуруҳ геологлар маория тилида Те Риу а Мауи – Зеландия деб аталувчи қитъани кашф этганликларини эълон қилишди. 1.89 миллион квадрат миль (4.9 миллион квадрат км) бўлган ушбу улкан қитъа Мадагаскардан олти баравар катта эди.

Дунё энциклопедиялари, хариталари ва қидирув тизимлари еттита қитъа борлигини қатъиян таъкидлашган бўлсада, геологлар жамоаси бу нотўғрилигини ишонч билан маълум қилди. Саккизинчи қитъа ҳам бор экан. Унинг 94% қисми сув остида жойлашган. Ҳудди Янги Зеландиянинг бир қисмигина сув устида бўлиб, қолгани океан тубида бўлгани сингари. Шунинг учун бу қитъа ҳамма вақт инсон кўзидан четда қолган.

Тўрт йил давомида қитъа ўрганилган бўлсада, ҳалигача у сирли бўлиб қолмоқда. Қандай қилиб қитъа сирлари 6560 фут (2 км) сув остида сақланиб турган. У қандай шаклланган? Илгари у ерда нима ёки ким яшаган? Ва сув остида у қанчадан бери турибди?

Зеландия дастлаб қадимий суперконтинент Гондвананинг таркибига кирган бўлиб, у тахминан 550 миллион йил олдин шаклланган ва асосан жанубий ярим шарнинг барча ерларини бирлаштирган. У Ғарбий Антарктиданинг ярми ва бутун Шарқий Австралия билан чегарадош бўлган.

Юпқа ва сув остида бўлишига қарамай, геологлар Зеландия қитъа эканлигини билишади, чунки у ерда қитъаларга хос тошлар ва тоғ жинслари мавжуд. Континентал қобиқ магматик, метаморфик ва чўкинди жинслардан иборат бўлиб, улар гранит, шист ва оҳактош каби, океан туби эса фақат базальт каби магматик тошлардан иборат.