ДХА: Ҳар бир бола – меҳр ва эътиборда

Каттақўрғон туманидан қарийб 30 километр узоқликда жойлашган Ёнбошсой қишлоғида яшовчи Жонибек Бобоқулов яқинда 10 ёшни қарши олади. Бувисининг қарамоғида қолган Жонибек учун туман ФҲДЁ бўлими томонидан туғилганлик гувоҳномаси бепул тарзда расмийлаштирилиб берилгани байрам арафасида унутилмас совға бўлди.

Давлат хизматлари агентлиги Самарқанд вилоят бошқармаси томонидан 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан “Ҳар бир бола – меҳр ва эътиборда” мавзусида ташкил этилган акция доирасида кўплаб оилаларни қийнаб келаётган шу каби муаммолар ўз ечимини топди.

— Неварам Севинчга оилавий муаммолар туфайли 10 йилдан буён туғилганлик гувоҳномаси ололмаётган эдим, — дейди Каттақўрғонлик Ҳ.Арслонова. — ФҲДЁ бўлими ўзлари келиб, муаммоимизни ўрганиб, ҳал қилиб беришди. Гувоҳномани ҳам ҳеч қаерга бормасдан, бепул, ўз уйимизда қабул қилиб олдик. Болаларимизга қаратилаётган бундай эътибордан мамнунмиз.

Хусусан, Булунғур туманининг Эрганакли қишлоғида яшовчи, 2016 йилда туғилган Ирода Ураловага ҳам гувоҳнома олиш масаласи моддий муаммолар сабаб эътиборсиз қолдирилган. Туман ФҲДЁ бўлими томонидан унинг ва тумандаги 10 нафарга яқин ана шундай сабаблар билан гувоҳнома ололмай келаётган оила фарзандларига туғилганлик гувоҳномаси бепул расмийлаштириб берилди.

Таъкидлаш керакки, акция доирасида вилоятнинг барча туман ва шаҳар ФҲДЁ бўлимлари томонидан туғилганлик гувоҳномаси мавжуд бўлмаган болаларга туғилганлик гувоҳномалари муддати ўтиб қайд этилиб, бепул тарзда расмийлаштириб берилмоқда. Бунда асосан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, яқин қариндошлари қарамоғида қолган болаларга эътибор қаратилди.

Давлат хизматлари марказларида эса акция янгича йўналишда давом эттирилади.

ДХА Самарқанд вилоят бошқармаси
Ахборот хизмати