Фактлар: “Қўлга тушмас кўл”

21 асрда инсоният етарли даражада илмий тараққиётга эришганига қарамасдан, дунёдаги кўплаб табиий ҳодисаларга тушунтиришлар мавжуд эмас. Бундай сирли табиат ҳодисаси сифатида Жанубий Осетияда жойлашга Эрцо кўлининг ғайритабиий ҳаракатларини кўрсатиш мумкин.

Эрцо кўли 4-5 йилда бир марта ер юзидан бутунлай ғойиб бўладиган сирли тоғ кўлидир. Шунингдек, уни “арвоҳ кўл” деб ҳам аташади.

Эрцо кўлининг “йўқолиб қолиши” тўсатдан содир бўлмайди. Кўл аста-секин, бир мунча вақт давомида, ер қаърига сингиб кетади. Бу ҳодиса мавсумдан қатъий назар содир бўлади. Кўл иссиқ ёзда ҳам, совуқ қишда ҳам йўқолиб қолаверади.

Қизиғи шундаки, сувдан бўшаган кўлнинг туби бутунлай тоза ҳолатда қолади. Сиз у ерда ҳеч қандай аҳлат, ўсимлик қолдиқлари – мутлақо ҳеч нарса кўрмайсиз. Гўё кимдир ванна тиқинини тортиб олган-у, кўлдаги барча нарса сув билан ер тубига тушиб кетган. Кўл бир неча кун, ҳафталар ёки ҳатто ойлар давомида бўм-бўш ҳолатда бўлиши мумкин. Ва кейин, бирданига, қаердан келаётгани номаълум бўлган сув билан тўлиб қолади. Бу сирли ҳодиса кўп асрлар давомида содир бўлиб келмоқда.

Тадқиқотчиларнинг фикрига кўра, Эрцо кўлидаги сув ер ости ғорларига мунтазам равишда тўкилиб туради ва маълум вақтдан кейин у ердан кўлга қайтиб чиқади. Лекин нима учун кўлнинг қуриб қолиши муайян даврийлик билан содир бўлади? Ва қандай қилиб сув ер остидан қайтиб чиқиши мумкин? Афсуски, бу саволларга ҳали ҳеч қандай жавоб йўқ…