Ҳиндистонда мукормикоз-қора моғор касаллиги авж олди

Ҳиндистонда COVID-19 билан боғлиқ ҳолат тобора ёмонлашган бир пайтда аҳоли орасида нодир учрайдиган касаллик-мукормикоз кўпая бошлади. Бу касалликни моғор замбуруғлари келтириб чиқаради.

Воқеа ҳақида  маҳаллий India Today газетаси хабар беради.

“Қора моғор” деб ҳам аталадиган бу касалликда бурун ичи ва ўпка шикастланади. Инсон кўпинча нам хоналарда, тупроқда, чириган мева ва сабзавотларда учрайдиган бу замбуруғнинг спораларидан нафас олгач, касалликни юқтириб олади. Ундан ўлиш эҳтимоли тахминан 50%дир ва аҳолининг камбағал қисми учун бу касалликдан даволаниш ўта қимматга тушади.

 Хабарларга кўра, мукормикоз коронавирусга чалинган ва кейинчалик соғайган инсонларда кўпроқ учрамоқда.

Охирги ҳафтада Ҳиндистонда мукормикозга чалинган 100дан кўп инсон аниқланди. Уларнинг ҳаммаси Гуджарат штатидандир. Баъзи беморлар кўриш қобилиятини йўқотди.

PTI Ахборот Агентлиги Махараштра штатининг бир амалдорининг сўзларига таяниб, коронавирусдан соғайган 8 нафар беморнинг мукормикоз туфайли ўлганини хабар қилмоқда.