Коса тагида нимкоса: Хитойнинг ёрдами беғаразми?

Хитойда ҳозирда 5000 га яқин Ўзбекистонлик талабалар таҳсил олмоқдалар ва улардан тахминан 30% киши маҳаллий  университетларнинг стипендия ёки грантларини қўлга киритгандир.

Бўлажак талабалар Хитойдаги таълим имкониятлари ҳақида кўпинча YouTubeдаги видеолар воситаси билан хабар топади, бу видеороликларда муайян университетдан бунинг учун пул олган инфлюэнсерлар бу мамлакатдаги таълим тизими ва яшаш имкониятларини оғизларидан бол томиб мақтайди (YouTube сингари кўплаб ижтимоий тармоқлар Хитойда блокланган бўлишига қарамасдан, аҳоли кенг кўламда Саудия Арабистони ва Эрондаги каби VPNдан фойдаланади.).

 Alibaba бизнес-мактабида таҳсил олаётган  Гулистонлик Асилбек Хонхўжаев YouTubeга жойлаштирган видеоларида Хитойда ҳалол овқат пишириладиган ошхоналарни қаердан топиш мумкинлигидан тортиб, интернет орқали харид қилиш ҳақида ҳикоя қилади ва Хитойдаги ҳаётга чуқурроқ назар ташлашга таклиф қилади.

 5000дан ортиқ обуначиларга эга бошқа бир видеоблогер Нодирбек Эркинов эса ўзининг Чэнду шаҳридаги ҳаётига оид видеоларни жойлайди ва уларда талаба ҳамда инглиз тили ўқитувчиси сифатида намоён бўлади. Обуначилардан бири ундан нега инглиз тилини билганинг ҳолда яшаш учун Европа ёки Американи танламадинг деб сўраганда у ҳам Хонхўжаев каби жавоб берди, яъни Хитойдаги ҳаётнинг нисбатан арзонлигини таъкидлади.

Цзянсу вилоятида таҳсил олаётган Насиба Аюбханова эса Хитой ҳукуматининг чет эллик талабаларга жуда сахийлигини айтади.

«Шундай грантлар борки, улар ижарани ва таҳсилни қисман ёки тўлиқ қоплайди, ёки стипендиялар таклиф қилади», – деб ҳикоя қилади у ўзининг видеоларининг бирида. Аюбханова яна Хитойда ўқиш учун хитой ёки инглиз тилини қай даражада билиш кераклиги, стипендия учун керакли балларни қандай тўплаш мумкинлиги ҳақида ҳам маълумот беради.

 Мичиган университетида халқаро муносабатлар соҳасида дарс берувчи Америкалик олим, келиб чиқиши ўзбек бўлган Тимур Кожаўғлининг айтишича, ўзбекларнинг таҳсил олиш учун чет давлатларга кетишларида ҳайрон қоларлик ҳеч нарса йўқ. Аксинча, Кожаўғли уларни ўтган асрнинг бошидаги жадидларга ўхшатиб, келажакда ватанга катта фойда келтиришлари мумкинлигидан умид қилади.

Аммо профессор Хитойнинг беғараз ёрдамига шубҳа билан қарайди.

«Хитойнинг улкан молиявий имкониятлари туфайли ёшларга таклиф қилаётган стипендия ва грантлари албатта кўпчилик учун жалб қилувчидир. Аммо Хитой Марказий Осиёга узун муддатли кредитлар бергани билан эртами-кечми, уларни тўлаш керак бўлади, стипендия ва грантлар масаласида ҳам албатта шундай бўлади. Хитойнинг таълим соҳасидаги қўштирноқ ичидаги беғараз ёрдами эвазига чет эллик талабаларнинг миясини ўз ғоявий кир машинасида яхшилаб ювиб чиқиши тайиндир».

Манба: eurasianet.org