Миср Исроилга нисбатан чоралар кўришга ваъда берди

Қоҳира Ғазо секторида илгари сурган гуманитар сулҳга бўлган талабини Исроил рад этгани учун жавоб реакцияси сифатида бир қатор йўналишлардаги алоқаларни музлатиб қўйди, дея хабар беради “Ал-Арабия” телеканали.

Маълумотларга кўра, Миср делегацияси Ғазо секторига, кейин Тел Авивга гуманитар сулҳ масаласида ҳукумат билан маслаҳатлашиш учун борган.

Тел Авивга ташриф буюрган Миср делегацияси Исроилга бир йил давомида гуманитар сулҳ тузишни таклиф қилган. Миср дипломатлари Фаластин ва Исроил ўртасидаги тўқнашувларни мувофиқлаштиришни ўз зиммаларига олишган. Мисрликлар, ташриф давомида, агар Исроил бу режага рози бўлса, Фаластин томонини сулҳ тузишга кўндиришларни айтишган. Миср томони, шунингдек, исроилликларни кўчиш ишларини ва Ал Ақсо масжидига ҳужум қилган радикалларни қўллаб-қувватлашни тўхтатишга чақирган.

Аввалроқ, Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Ҳамаснинг ҳаракатлари “жуда қимматга” тушишини ва Исроил армиясининг операциялари “қанча керак бўлса шунча давом этишини” айтганди.

Исроил ва Фаластин ўртасидаги вазият 10 май куни кечқурун ёмонлашди. Фаластин Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, Исроилнинг Ғазодаги ҳужумлари натижасида ҳозирга қадар 130 га яқин киши ҳалок бўлган.