Мозийдан бир обида – Қўйқирилганқалъа

Қорақалпоғистоннинг Элликқалъа туманида қадимги Хоразм шоҳлари замонига оид сирли бир обида – Қўйқирилганқалъа қолдиқлари сақланиб қолган. Унга энг яқин атроф шаҳарлар Урганч, Қўшкўпир ва Хивадир.

Олимларнинг тахминига кўра, бу шаҳар эр.ав. IV-III асрларда қурилган бўлиб, эр.ав. II аср бошида сак қабилалари томонидан вайрон қилинади. III-IV асрларда эса бу ерга яна инсонлар келиб яшай бошлашган.

Қўйқирилгақалъани 1938-йили Сергей Павлович Толстов бошчилигидаги Хоразм археологик экспедицияси топади. 1951-1957-йилларда қалъа қолдиқлари бутунлай ер юзига чиқарилди ва систематик тарзда тадқиқотлар олиб борилди.

Қалъанинг бугунгача сақланиб қолган қисми икки қаватли цилиндр шаклидадир. Унинг диаметри 44 метр, 14 метр берида эса қалъанинг мудоофа деворлари қурилган. Марказий бино ва деворлар орасидаги ҳудудда инсонлар яшаган уйлар ва ҳайвонлар учун махсус оғиллар бўлган эди.

Ўз замони учун Қўйқирилганқалъа каттагина шаҳар ҳисобланган: деворларнинг баландлиги 8 метргача бўлиб, бутун мажмуанинг умумий диаметри 90 метрни ташкил қилган эди.

Археолог ва тарихчилар марказий бинонинг Хоразм шоҳларининг мақбараси ва айни пайтда зардўштий ибодатхонаси бўлганлигини тахмин қилишади. Шунингдек, қалъада астрономик тадқиқотлар олиб борилган, ўз расадхонаси бўлган.

Қўйқирилганқалъа Хоразмда бугунгача топилган энг қадимий обида ҳисобланади. Қазиш ишларида бронза найзалар, алебастр ва терракотадан ясалган ҳайкалчалар, керамик идишлар, оссуарийлар, тош муҳрлар ва колбалар топилган. Деворларда эса Авесто мотивлари асосида ишланган суратлар чизилган, токчаларга ҳайкаллар ўрнатилган бўлган.