Нетаняҳу Исроил полицияси ҳаракатлари учун миннатдорчилик билдирди

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Қуддусда бўлиб ўтган тўқнашувларда қонун ва тартибни сақлашдаги хизматлари ва Фаластин “намойишчилари” га қарши кураши учун полиция ва қуролли кучларга миннатдорчилик билдириб, уларнинг ҳаракатларини оқлаган. Унинг сўзларига кўра, шаҳарда “зўравонлик” оқибатида ҳавотир кучайиб бораётган бир пайтда Исроил ҳукумати “бирон бир радикал элементнинг тинчликни бузишига йўл қўймайди”.

“Қуддус шаҳри тўқнашувлар гирдобида қолган. Бу кечагина юзага кураш эмас… Қаршиликлар йиллар оша Қуддус марказида газаклаган тарихий жароҳатдир. Одамлар яккахудолик динларига эътиқод қилишни бошлаганларидан бери шаҳарда бир дин вакилларидан бошқа дин вакиллари ажратиб қўйилди… Тан олиш керакки, Исроил давлатининг бошқаруви, 1967 йилдан бери, шаҳарда хавфсиз, барқарор ҳаётни таъминлаб берди…”.

Қуддусдаги вазият борасида АҚШ, Европа Иттифоқи, Россия ва БМТ ўз хавотирларини баён қилдилар.

Тўқнашувлар бир ой давом этган зиддиятлар ортидан, фаластинлик оилаларни ўз яшаш жойларидан кўчириб юбориш таҳдиди асносида юзага келди. Сўнгги воқеалар, Исроил Олий судида узоқ йиллардан буён давом этаётган ушбу можаро бўйича Шарқий Қуддуснинг Шайҳ Жарроҳ туманидаги яҳудийлар ташкилоти фойдасига чиқарилган суд қарори устидан шикоят қилиш кутилган суд мажлиси арафасида бўлиб ўтди.

Аммо тўқнашувлардан кейин ушбу суд мажлиси бўйича тинглов Исроил бош прокурорининг талабига биноан бекор қилинди. Тартиб бўйича яқин 30 кун ичида янги сана белгиланиши керак.

Шу билан бирга, ҳар йили “Қуддус куни”ни нишонлаш марши анъанавий равишда минглаб сионист ёшлар иштирокида Шарқий Қуддуснинг Эски шаҳридаги мусулмонлар маҳаллалари бўйлаб амалга оширилади. Сайлнинг Шайҳ Жарроҳ яқинидаги маҳаллаларда ўтказилиши кўпроқ зўравонлик ва тўқнашувларга олиб келиши мумкин деган хавотирлар кучаймоқда.

Мудофаа вазирлигининг собиқ юқори мартабали амалдори Амос Гилад маршни бекор қилишни ёки марш ўтказиладиган йўналишни ўзгартиришни талаб қилиб, юзага келиши мумкин бўлган оқибатлардан огоҳлантирди.