Ўсимликларни ҳашаротлардан ҳимоя қилувчи янги пестицид

Ҳашаротлар экинларга зарар келтирсада, уларга қарши қарши воситалар ҳам атроф-муҳитга шунча катта зарар етказиши табиий. Қишлоқ хўжалигида зараркунандаларга қарши кўп миқдорда ишлатиладиган пестицидларнинг сув ва тупроққа келтирган зарарининг ўрнини қоплаш мақсадида янги CropCoat дори воситаси майдонга чиқмоқда.

CropCoat Калифорнияда жойлашган Crop Enhancement корхонаси томонидан ишлаб чиқилган. Янги аралашма токсик бўлмаган таркибий қисмлардан иборат бўлиб, корхона модданинг таркибини махфий сақлашга қарор қилди.

Уни ишлатиш усули жуда оддий. Дори воситасини сув билан аралаштириб, экинларга пуркаш кифоя. CropCoat ишга тушиши учун 12-24 соат талаб этилади. Бу вақт ичида сув буғланиб, ўсимлик тўлалигича биологик қатлам билан қопланиб қолади.

CropCoatни кашф этган Crop Enhancement корхонаси янги дори ўсимликларни зараркунандалар учун “етиб бўлмас орзуга” айлантириб қўйишини даъво қилмоқда. Компаниянинг айтишича, янги қоплама олти ҳафтагача экинларни зараркунандалардан ҳимоя қилади. Шундан кейин қайта дорилаш тавсия этилади. Бироқ дорилаш вақти оралиғида об-ҳавони ҳам ҳисобга олиш керак. CropCoat ўзини ўсимликлар учун хавфсиз ва токсик эмаслигини синовларда исботлади. Шунингдек, унинг асаларилар каби кўплаб фойдали ҳашаротлар учун ҳам токсик эмаслигига кафолат берилмоқда.