Пандемия пайтида орттирилган стрессни қандай енгиш мумкин

КОВИД-19 пандемияси ҳаётимизга катта таъсир кўрсатди. Кўпчилигимиз стрессли, ҳаддан ташқари кучли ҳиссиётларни келтириб чиқарадиган муаммоларга дуч келмоқдамиз. Вирус тарқалишини камайтириш учун ижтимоий масофа сақлаш каби тадбирлар зарур, аммо улар биз ўзимизни ёлғиз ҳис қилишимизга олиб келмоқда ва стресс ҳамда ҳавотирни кучайтирмоқда. Соғлом йўл билан стрессни енгишни ўрганиш сиз, сиз учун қадрли бўлган одамлар ва атрофдагилар учун жуда муҳим.

Стресс оқибатида қуйидагилар келиб чиқиши мумкин:

  • Қўрқув, ғазаб, қайғу, ташвиш, уйқусизлик ёки умидсизлик ҳисси;
  • Иштаҳа, қувват, истак, хоҳиш ва қизиқишлардаги ўзгаришлар;
  • Эътиборни жамлаш ва қарор қабул қилишда қийинчиликлар;
  • Жисмоний муаммолар, масалан, бош оғриғи, танадаги оғриқлар, ошқозон муаммолари ва терида тошмалар;
  • Сурункали соғлиқ муаммоларининг ёмонлашиши;
  • Руҳий саломатлик ҳолатининг ёмонлашиши;
  • Тамаки чекиш, спиртли махсулотлар истеъмоли ва бошқа зарарли одатларга кўпроқ ўрганиб қолиш.

Пандемия пайтида стресс, ташвиш, қайғу ва сиқилишни ҳис қилиш табиий ҳолат. Қуйида ўзингизга, оилангизга ва атрофингиздаги бошқаларга стрессни бошқаришда ёрдам берадиган усуллар келтирилган.

Стрессни енгишнинг соғлом усуллари:

  • Янгиликларни, шу жумладан ижтимоий тармоқлардаги хабарларни ўқиш ёки тинглашни тўхтатинг. Доимий хабардорлик ижобий ҳолат, аммо пандемия тўғрисида доимий равишда эшитиш одамнинг сиқилишига олиб келиши мумкин. Янгиликлар ўқишни кунига атиги икки мартагача чекланг ва бир мунча вақт телефон, телевизор ва компьютер экранларига қарашдан тийилинг;
  • Танангиз ҳақида ғамхўрлик қилинг;
  • Соғлом, озуқага бой овқатлар эйишга ҳаракат қилинг;
  • Доимий равишда машқ ва жисмоний ҳаракат қилинг;
  • Кўп ухланг;
  • Спиртли ичимликлар, тамаки ва гиёҳванд моддаларни ҳаддан ташқари истеъмол қилишдан сақланинг;
  • Шифокор томонидан тавсия этилган мунтазам профилактика чораларини (эмлаш, доимий тиббий текширувлар ва бошқалар) давом эттиринг;
  • Имконият бўлганида КОВИД-19 вакцинаси билан эмланинг;
  • Ишдан бўшашга вақт ажратинг. Ўзингизга ёқадиган бошқа бирор бир иш билан шуғулланишга ҳаракат қилинг;
  • Бошқалар билан мулоқот қилинг. Ташвишларингиз ва ҳиссиётларингиз ҳақида яқин инсонлар билан суҳбатлашинг;
  • Бошқаларга ёрдам беринг.

Ижтимоий мософаланиш амалда бўлган даврда дўстларингиз ва оилангиз билан алоқада бўлиш айниқса муҳим ҳисобланади. Бошқаларга ҳам телефон ёки видео суҳбатлар орқали стрессни енгишда ёрдам бериш натижасида ёлғизликни камроқ ҳис қиласиз.