Пандемиянинг олдини олиш мумкин эди

Ковид-19 пандемиясининг ҳалокатли кўламини олдини олиш мумкин эди, дея хулоса қилмоқда мустақил экспертлар гуруҳи.

Пандемияга тайёргарлик ва тезкор чоралар кўриш мустақил гуруҳи (IPPPR) бир қатор нотўғри қарорлар, Ковид-19 шу пайтгача камида 3,3 миллион кишининг вафотига ва глобал иқтисодиётнинг вайрон бўлишига олиб келганини таъкидламоқда.

Гуруҳ ўзининг узоқ кутилган якуний ҳисоботида “бошқарув институтлари одамларни ҳимоя қила олмаганини” ва илмни инкор этган раҳбарлар соғлиқни сақлаш соҳасидаги тадбирларга аҳолининг ишончини пасайтирганини иддао қилмоқда.

2019 йил декабрь ойида Хитойнинг Ухан шаҳрида аниқланган эпидемияга нисбатан дастлабки чоралар “тезкорлик билан амалга оширилмади”. Натижада 2020 йил февралигача бўлган вақт “қимматли йўқотилган ой” бўлди.

Эндиликда пандемия билан курашиш учун гуруҳ энг бой мамлакатларни ривожланаётган ва қашшоқ мамлакатларга миллиардлаб вакцина дозаларини юборишга чақирмоқда. Шунингдек, мустақил экспертлар гуруҳи дунёнинг бадавлат давлатларини навбатдаги пандемияга тайёргарлик кўриш учун янги тиббий ташкилотларни молиялаштиришга чақирди.

Гуруҳнинг фикрича “ёмон стратегик танловлар ва ҳамкорликда ишламаслик аянчли вазиятни вужудга келтирди, бу эса пандемияни ҳалокатли инқироз”га айланишига имкон берди.

Гуруҳ, шунингдек, G20 “Халқаро Пандемияни молиялаштириш дастури” ни яратиши, ушбу дастур учун давлатлар ҳар йили 5-10 миллиард доллар ажратиши кераклигини, натижада эса инқироз пайтида дастур жамғармаси аллақачон сафланишга тайёр 50-100 миллиард доллар маблағга эга бўлишини айтмоқда.