Покистон: АҚШнинг Афғонистондаги миссияси учун ҳарбий база берилмайди

Покистон Афғонистондаги аксилтеррор операциялари учун АҚШга яна ўзининг ҳарбий базаларини тақдим этиш имкониятини истисно қилди.

Ташқи ишлар вазири Шоҳ Маҳмуд Қурайший Исломободда журналистлар билан учрашувда, ҳукумат АҚШга “тинчликда шерик” бўлишга тайёрлигини ва келажакдаги АҚШ урушларига қўшилмасликка имкон берадиган сиёсат қабул қилганини тушунтирди.

АҚШ ҳарбий базаларини жойлаштириш учун босим ўтказяптими ёки йўқми деган саволга “Йўқ. Биз мамлакатга ҳеч кимнинг қадам босишига йўл қўймоқчи эмасмиз. Покистонга ҳеч қандай база киритилмайди”, – деб жавоб берди Қурайший.

Президент Жо Байден маъмурияти Афғонистоннинг Марказий Осиёдаги бир неча қўшнилари билан мамлакат яна ал-Қоида каби гуруҳлар учун террористик базага айланишига йўл қўймаслик мақсадида қўшинларни жойлаштириш бўйича музокаралар олиб бораётганини тан олди.

Аммо АҚШ расмийлари ҳарбий базаларни жойлаштириш эҳтимоли бўлган давлатлар рўйхатида Афғонистон билан қарийб 2600 километрлик чегарага эга бўлган Покистон номини келтирмаганлар.