Порахўрликнинг олдини олишда тарбия ва тарғибот ишларини кучайтириш керак

Билмадим, бу танлов бўлганми йўқми… Билмадим, бу ўзимизда бўлганми йўқми… Билмадим, ҳатто  бу танлов қайси замонда, қачон бўлган. Ишқилиб, тинимсиз танловлар ўзказиладиган юртда бўлгани рост. Шундай қилиб, бир антиқа танлов эълон қилиниб, танлов шарти дунёдаги энг чиройли, энг ноёб, одам ақлини шоширадиган калитни ясаш керак экан. Ҳар хил калитлар ясалиб, танловга жўнатилибдики, катта-кичик, хилма-хил эмиш. Аммо, ғолиб топилмасмиш. Ахийри, бир одам топилибди-ку… У шунчалар йўлтопармон эканки, ҳатто калит ҳам ясамабди. Кўзи тушган энг кичкина калитни конвертга солиб, ёнига 5-10 қоғоз “кўк”ни ҳамроҳ қилиб танловга жўнатибди. Буни қаранг, шу одам танлов ғолиби бўлибди. Қойил, шу кичкинагина калит танловнинг мутлақ ғолибига айланибди. “Кўк”нинг кучини қаранг-а.

          Антиқа танлов ҳикояси баҳонасида айтмоқчи бўлганим, порахўрликка қарши кураш ҳақида қанча гапирилмасин, у қаердадир яшаяпти, кун кечираяпти ва ҳатто гуллаб яшнаяпти. Яна бу иллат айрим қўлида ваколати бор одамларнинг ҳийла найранги билан турли кўринишда урчаяпти. Буни биров билиб, биров билмайди ҳам. Фақат таъма ортидан қўлга тушаётганларга қонуний жазо берилаётгани жамоатчиликка аён. Бироқ, қонунбузарга энг катта жазо халқ олдида таъмагирлиги боис бошининг эгилишидир, деб уйлайман.

          Яқинда ижтимоий тармоқда ўкиб қолдим, кўпинча пора олаётган ёки таъмагирлик қилиб сўраётганларни гўёки ойлик маоши пастлиги туфайли шундай жиноятга қўл уришаётганини сабаб қилиб кўрсатишган. Назаримда диёнатли одам камига ҳам қаноат қилади… Назаримда, бировнинг қўлидан борини сўраб олиш пасткашликнинг энг сўнгги кўриниши… Назаримда бу иллат  фақат тарбиясида нуқсони бор одамларни ўз гирдобига ўрайди. Демак, ҳамма гап тарбияда ва коррупцияга қарши тарғибот юритишда.

Ўзим фаолият юритаётган идорада ҳар ҳафтанинг икки кунида  ҳудудларда марказ ходимлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқий саводхонлик кунлари доирасида порахўрлик ва таъмагирликка қарши суҳбатлар ва учрашувлар ўтказиб келаяпмиз. Тадбирларда хизмат мавқеидан фойдаланиб, ножўя хатти-ҳаракати туфайли қонун олдида жавоб бераётганлар ҳаёти акс этган ижтимоий роликлар қўйиб, одамларни мулоҳазага чорлаяпмиз. Адлия вазирлигининг “антикорбот” тармоғи ишлаб тургани, жамиятда коррупцион ҳолатларга дуч келганларида, шу тармоқдан фойдаланишни тавсия этаяпмиз. Ишонаман, мазкур тарғибот тадбирларининг албатта натижаси бўлади. Чунки, иймони бутун, ориятли халқ вакилларимиз кўп. Ҳаловатда, ҳалол яшашга не етсин. Чунки, одамзод ўзига берилган ризқдан ортиғини  минг чиранмасин барибир ололмайди. Бу ҳақиқат ҳаммага аён.

Нодира Самандарова,

ДХА Навоий вилояти бошқармаси

Етакчи маслаҳатчи