Қўшиқ айтишга ҳаққим бор!

Афғон аёллари 12 ёшдан катта қизларнинг қўшиқ айтишининг таъқиқланишига қарши норозилик кампаниясини бошладилар.

#IAmMySong этикетини ишлатиб, куйлаган қўшиқларини ижтимоий тармоқларга жойлаштириш орқали улар Афғонистон ҳукуматининг бу борадаги қарорига қарши чиқмоқдалар.

Ҳозирда Афғонистон Таълим Вазирлиги  мамлакатда 12 ёшдан ошган қизларнинг қўшиқ айтишини таъқиқловчи қарорини бекор қилишга ҳозирланмоқда.

             Ўтган ҳафта афғон ОАВларида эълон қилинган бу қарорга кўра, эркаклар ҳам қатнашган тадбирларда 12 ёшдан катта қизларнинг қўшиқ айтиши, эркак муаллимдан мусиқа дарси олиши таъқиқланган эди.

             Афғон ҳукумати олинган бу қарорни қизларни янада яхшироқ ўқишга ташвиқ қилиш билан изоҳласада, кўплаб инсонлар ҳукуматни Толибонга ён босиш ва жинс айрими қилиб, уларнинг даврида бўлгани каби, қиз-аёлларни уй қамоғига маҳкум қилишда айбламоқдалар.

          #IAmMySong кампаниясини бошлаб берган Афғонистон Миллий Мусиқа Институтининг асосчиси Аҳмад Сармаст ҳукуматни олинган бу қарорни иложи борича тезроқ бекор қилишга чақирди.

            Сармаст, “Бу қарор фақат афғон қизларини мусиқадан баҳраманд бўлиш ҳуқуқидан маҳрум қилиб қолмаяпти, айни пайтда Афғонистон конституциясига ва халқаро болалар ҳуқуқларига ҳам зиддир” деб таъкидлади.

             Human Rıghts Watch ташкилотининг вақтинчалик мудири  Хизер Барр афғон ҳукуматининг баъзи қарорларининг “аёл ҳуқуқларига қарши ишониб бўлмайдиган даражада душманона кайфиятда” эканлигини таъкидлаб ўтди. У шунингдек афғон ҳукуматини бундай қарорлар қабул қилиш орқали Толибон жангарилари билан яқинлашишда ҳам айблади.