Рим Колизейи ҳақида 10 та факт

Италия Колизейи дунёнинг энг машҳур қадимий иншоотларидан биридир. Тарихийлик жиҳатидан у қадимги Миср пирамидалари билан рақобатлаша олади.

Колизейни кўриш учун ҳар йили Римга 4 миллионга яқин сайёҳ ташриф буюради. Колизей ҳақида кўпчиликда озроқ бўлсада тасаввур ҳосил қилиш учун, қуйида у ҳақида 10 та фактларни келтириб ўтамиз.

1. Милодий 72 – 80 йилларда қурилган Колизей тош ва бетон аралашмасидан иборат. Колизей Император Веспасиан бошқаруви даврида ўн минглаб яҳудий қуллар томонидан қурилган.

2. Узунлиги 189 метр, эни 156 метр ва баландлиги 50 метр бўлган Колизей дунёдаги энг катта амфитеатр ҳисобланади.

3. Колизейга турли томошалар пайтида тахминан 50 минг нафар томошабин жойлашиши мумкин бўлган. Томошалар орасида гладиаторлар жанглари, ҳайвонларни овлаш ва машҳур жангларни қайта намойиш этишлар ўрин олган. Ҳатто Колизей сув билан тўлдирилиб сунъий денгиз жанглари ҳам уюштирилган.

4. Аренада махсус эффектлар учун 36 та тузоқ эшиклари, шунингдек, ўйинлар бошланишидан олдин ёввойи ҳайвонлар ва гладиаторларни сақлаш учун кўплаб ер ости йўллари ва хоналари мавжуд эди.

5. Машҳурликка эришиш учун императорлар Колизейдаги тадбирларни ўзлари ташкил этишган ва уларни молиялаштирганлар. Қадимги римликлар учун кириш бепул бўлган ва уларга баъзан томошалар пайтида бепул овқат ҳам берилган.

6. Колизейда Рим даври учун хос веларий – махсус айвон бўлган. Бу мослама томошабинларни қуёш нури ва ноқулай об-ҳаводан сақлаш учун томошабинлар ўтирадиган жойнинг тепа қисмига ўрнатилган.

7. Аренадаги томошалар учун сотиб олинган ҳайвонлар Рим империясининг турли жойларидан келтирилган. Ҳайвонлар орасида шерлар ва йўлбарслар, шунингдек, тимсоҳлар ва айиқларни кўриш мумкин эди.

8. Колизейдаги баъзи ўйинлар 100 кунгача давом этган. Бироқ, гладиаторлар мусобақалари милодий 435 йилда тўхтатилган ва ҳайвонларнинг сўнгги ови милодий 532 йилда бўлиб ўтган. Бунга қисман аренани сақлаш билан бир қаторда ҳайвонлар ва гладиаторларни сотиб олиш ҳаражатлари сабаб бўлган.

9. Тахминларга кўра, ўйинлар давомида 400 мингдан ортиқ одам ва миллиондан ортиқ ёввойи ҳайвонлар нобуд бўлган.

10. Табиий офатлар ва вандализм Колизейнинг тахминан учдан икки қисмини йўқ қилган. Аммо энг кўп зарарни эрамизнинг милодий 847 ва 1231 йилларида бўлган зилзилалар келтирган.

Император Троян ҳукмронлик даври Колизейда энг кўп қон тўкилган давр ҳисобланади. Унинг ҳукмронлик йилларида аренада жами 40 минг киши ҳалок бўлган.

Колизейда томошалардан ташқари оммавий қатллар ҳам амалга оширилган.