Таълим: Автобус ҳайдовчилари етишмаяпти

Америкаликлар Ковид-19 вакциналари билан эмланиб, мактаблар қайта очилгач, мамлакат бўйлаб ўқувчиларни мактабларга олиб келиш ва уйларига қайтариб олиб бориш учун автобус ҳайдовчилари етишмаяпти.

Мактаб автобуслари ҳайдовчиларини ишга ёллаш барча штатлар учун анчадан бери муаммо бўлиб келган, аммо бу муаммо пандемия ва мактабга оммавий қайтиш туфайли янада жиддийлашган. Март ойида HopSkipDrive (болалар учун транспорт хизматлари кўрсатувчи ташкилот) томонидан ўтказилган сўровномада мактаб раҳбарияти ходимларининг бешдан тўрт қисми, жумладан нозирлар, транспорт директорлари ва мактаб транспорт ходимлари автобус ҳайдовчиларининг етишмаслиги улар учун доимий муаммо бўлиб келганини айтишди. 25-100 минг нафар ўқувчилари бўлган туманларнинг ярмидан кўпи доимий транспорт қатновларини йўлга қўйиб олишлари учун уч ой ёки ундан кўпроқ вақт кетишини таъкидлашмоқда.

Тадқиқотлардан шу нарса кўриниб турибдики, кўп автобус ҳайдовчилари мактаблар қайта очилганда иш жойларига қайтмаяптилар. Баъзиларининг эса ёши катта ёки олдиндан соғликларида муаммолар бор, шунинг учун уларда Ковид-19 юқтириб олиш ва асоратларидан азият чекиш хавфи юқори. Бошқа ҳайдовчилар бир йилдан бери ишсиз юрганларидан кейин хусусий секторга ўтиб кетишган.