Таълим: Ўқитувчиларни ривожлантириш учун ЮНЕСКО-Ҳамдан грант дастури

2021-2022 йил учун ажратилган грант учун ҳужжатлар топшириш муддати 2021 йил 31 октябргача очиқ деб эълон қилинди.

Ўқитувчиларни ривожлантириш бўйича Юнеско-Ҳамдан мукофоти ЮНЕСКОнинг устувор йўналишларидан бири бўлган “Сифатли таълим”ни барқарор ривожлантириш, ўқиш ва ўқитиш сифатини ошириш мақсадида 2008 йилда ташкил этилган.

Ҳамдан бин Рашид Ал Мактум жамғармаси (Hamdan Foundation) томонидан икки йилда бир марта бериладиган ушбу мукофот “Академик фаолиятда улкан натижаларга эришганлик” учун тақдим этилади.

Жамғарма 1998 йилда Дубай ҳокимининг ўринбосари ва Бирлашган Араб Амирликлари молия вазири Шайҳ Ҳамдан бин Рашид ал Мактум ҳазратлари томонидан ташкил этилган. Жамғарма барча соҳаларда ва даражаларда таълим кўрсаткичларини яхшилаш, таълим муассасаларидаги барча гуруҳлар ва мутасадди ташкилотларни ҳамда улкан ютуқлар ва ижод натижаларига эришган шахсларни қўллаб-қувватлаш ва ҳомийлик қилишни мақсад қилиб қўйган.

Грант миқдори 300000 АҚШ доллар бўлиб, мукофот, лойиҳалари бутун дунё бўйлаб ўқитувчиларнинг фаолияти ва таълим самарадорлигини ошириш учун хизмат қилган уч нафар ғолиб номзодлар ўртасида тенг тақсимланади.

Ғолибларни таълим масалаларида юқори даражадаги билим ва тажрибаси асосида танланган беш нафар таниқли мутахассислардан иборат Халқаро ҳакамлар ҳайъати танлайди.

Танлов жараёни ҳақида кўпроқ билиб олиш учун дастур қўлланмаси билан танишиб чиқиш тавсия этилади.