Тоза энергия воситаларига ўтиш учун кўпроқ ресурс керак

Халқаро энергетика агентлигининг янги ҳисоботида айтилишича, дунёда тоза энергиядан фойдаланиладиган келажакка эришиш учун етарли миқдорда минераллар қазиб олинмаяпти. Литий, кобальт ва никель каби минераллар тоза энергия иқтисодиёти учун зарурий материаллар ҳисобланади. Мамлакатлар уларсиз янги глобал иқлим исишини камайтириш бўйича мақсадларига эриша олмайдилар. Агар таъминот тизими ўсиб бораётган талабни қондира олмаса, минераллар етишмаслиги тоза энергиянинг танқисли бўлишини билдиради.

Яқин бир неча ўн йилликлар ичида дунёнинг кўплаб йирик иқтисодиётлари иқлим ифлосланишини деярли йўқ қилишни мақсад қилиб қўйишган. Иқлимшунослик бўйича етакчи олимлар, иқлим ўзгаришининг энг ёмон оқибатларини бартараф этиш учун 2050 йилга келиб атмосферада чиқинди газлари миқдорини глобал миқёсда нолга тушириш кераклигини аниқладилар.

Ушбу мақсадга эришиш учун бугунги кунда ишлаб чиқарилганидан олти баравар кўпроқ зарурий минераллар талаб этилади. Баъзи фойдали қазилмаларни етказиб бериш ва келажакда башорат қилинган талаб ўртасидаги фарқ жуда катта. Масалан, литийга бўлган талаб келаси икки ўн йилликда 70 баравар ўсиши кутилмоқда. Аммо мавжуд литий конлари ва очилаётган конларнинг таъминот тизими ушбу талабнинг атиги ярмини қондириши мумкин холос.

Электр транспорт воситалари учун батареялар ва қайта тикланадиган энергия манбалари ҳам минераллар танқислигини келтириб чиқарадиган энг катта омил ҳисобланади. Электр транспорт воситалари учун одатий қазилма ёқилғида юрадиган транспорт воситаларидан олти баравар кўпроқ минерал ресурслар керак бўлади. Кобальт, никель, графит ва марганец ҳам ушбу транспортларда ишлатиладиган батареялар учун жуда муҳимдир.

Шамол ва қуёш энергиясини ишлаб чиқариш ҳам фойдали минерал хомашёларига боғлиқ саноат ҳисобланади. Шамол турбиналарида ишлатиладиган магнит учун ноёб тупроқ минераллари керак бўлади, қуёш панелларига эса мис, кремний ва кумуш билан ишлов берилиши даркор. Қайта тикланадиган энергия манбаларининг кўпайиши электр тармоқларини модернизация қилиш заруриятини келтириб чиқармоқда. Модернизацияни эса мис ва алюминийсиз амалга ошириш мумкин эмас.