Туркия 16 ўлкадан келган сайёҳлардан корона тести талаб қилмайди

2021 йил 15-майдан бошлаб 16 ўлкадан келган сайёҳлардан Туркия Жумҳуриятига кириш учун ПЗР тест талаб қилинмайди.

Хабарларга қараганда, расмий Анқара инқирозга учраган туризм соҳасини қутқариш учун бу қарорга келган.

Рўйхатда қуйидаги давлатлар бор: Хитой, Гонк-Конг, Таиланд, Тайвань, Вьетнам, Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Исроил, Япония, Жанубий Корея, Буюк Британия, Люксембург, Украина, Латвия ва Эстония.

Кўплаб туристлар келадиган Эрон, Германия ва Россия фуқаролари эса учишдан 72 соат олдин қилинган тест натижаларини тақдим қилишлари шарт.

Ўтган пайшанба кунидан бошлаб Туркиядаги барча таълим муассасалари ва жамоат жойлари 3 ҳафталик карантинга ёпилди. Кўчага кечқурунги соат 9-дан бошлаб азонда соат 5-гача чиқиш таъқиқланди, кафе ва ресторанлар овқатни фақатгина уйга  етказиб бермоқда. Рамазон ойининг охиригача банкет заллари ва спорт клублари ҳам ёпиқ бўлади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай қатъий чоралар билан коронавирус эпидемиясининг олдини олишга уринмоқда.