Вьетнамда коронавируснинг янги гибриди

AFP агентлигининг хабар беришича, Вьетнамда Covid-19нинг ҳаво йўли орқали тез тарқаладиган янги тури чиққан ва у ҳинд-британ вирусларининг қоришимидир. Бу ҳақда Вьетнам ОАВ шанба куни хабар берган.

Ҳозирда ҳукумат мамлакатнинг деярли ярмида, йирик шаҳарларда ва саноат марказларида, Ханой ва Хо Ши Мин Ситида қаттиқ чоралар кўришга тайёрланмоқда.

Апрель ойидан бошлаб Вьетнамда 6,700 касаллик ҳолати қайд этилган ва 47 киши вафот этган.

“Биз вируснинг ҳинд ва британ вариантларининг қоришимидан иборат бўлган янги турини кашф қилдик”,-деди Вьетнам Соғлиқни Сақлаш вазири Нгуен Тхан Лонг миллий телевидениедан қилган чиқишида.

Вьетнамдаги деярли барча кафелар, ресторанлар, гўзаллик салонлари ва спорт марказларини ёпишга буйруқ берилди.

97 миллион аҳолига эга бўлган Вьетнамда 1 миллиондан кўпроқ киши эмланди. Ҳукумат тадбиркорларни ва имкони бор инсонларни кўпроқ вакцина сотиб олиш учун хайрия қилишга чақирмоқда.