АҚШ 500 миллион дона Pfizer вакцинасини хайрия қилади

Байден маъмурияти келгуси икки йил ичида 100 га яқин давлат аҳолсини коронавирусга қарши эмлаш учун 500 миллион дона Pfizer вакцинасини хайрия қилиш режасини ишлаб чиқди дея хабар бермоқда Рейтерс агентлиги.

Қўшма Штатлар бу йил 200 миллион дона, келаси йилнинг биринчи ярмида эса қўшимча 300 миллион дона вакцинани 92 та кам даромадли мамлакатлар ва Африка Иттифоқига тарқатиши мумкин.

Хайрия вакциналарни камбағал ва ривожланаётган мамлакатларга тарқатувчи COVAX дастури орқали амалга оширилади. Дастурга Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва Вакциналар ва Иммунизация бўйича глобал альянс раҳбарлик қилмоқда.

Сўнгги тўрт ҳафта давомида бўлиб ўтган музокаралар натижасида Оқ уйнинг КОВИД-19 бўйича координатори Жеф Зиенц ва коронавируснинг махсус гуруҳи ўртасида келишувга эришилди.

CNBCтелеканали ҳам Қўшма Штатлар Moderna компанияси билан вакциналарни хайрия қилиш масаласида мулоқот олиб бораётганини айтмоқда.

Moderna вакилининг сўзларига кўра, компания АҚШ ҳукуматига вакциналарни тақдим этишдан манфаатдор. 

Оқ Уй, Pfizer ва Moderna корхоналари воқеаларга изоҳ беришдан бош тортишди.