АҚШ Конгресси Ўзбекистондаги Шавкат Мирзиёев бошчилигидаги ислоҳотларнинг самарадорлигини эътироф этди

Аввалроқ хабар берганимиздек, АҚШ Конгрессига Ўзбекистон мустақиллиги ва суверенитетини қўллаб-қувватлаш ва икки давлат ўртасидаги барча йўналишлардаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича резолюция лойиҳасини тақдим этилганди.

Резолюцияда қайд этилишича, АҚШ Ўзбекистоннинг қонун устуворлигини таъминлаш, иқтисодий ривожланишни барқарорлаштириш, қишлоқ хўжалигини диверсификация қилиш, шунингдек, хавфсизлик ва минтақавий барқарорликни таъминлаш йўналишида олиб бораётган сиёсатини юқори баҳолайди ҳамда Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ўртасида Марказий Осиё минтақаси бўйича С5+1 форматидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлайди.

Вакиллар палатасининг ҳисоботида иқтисодиётни либераллаштиришга ижобий таъсир кўрсатадиган давлат ёндошуви ҳам юқори баҳоланади, Ўзбекистонда хусусий сектор фаолиятида давлат ролини камайтириш ва йирик хорижий инвестицияларни жалб қилишда давлат бошқарувини оптималлаштириш, мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилганлиги ҳақида хабар берилади.

Америка ҳукумати АҚШ ва Ўзбекистон ўртасидаги алоқаларнинг 2020 йил декабрь ойида стратегик шериклик даражасига кўтарилишини, Ўзбекистон ҳукуматининг инсон ҳуқуқлари бўйича вазиятни яхшилаши, коррупцияга қарши чораларни кучайтириши ва суд тизимидаги шаффофликни ошириш бўйича ишларини, давлат хизматчиларининг ҳисобдорлигини кучайтириш, сўз ва оммавий ахборот воситаларининг эркинлигини таъминлаш, одам савдосига барҳам бериш, шунингдек, пахта теримида мажбурий ва болалар меҳнатидан фойдаланиш ҳамда диний эркинликни таъминлашга қаратилган улкан ислоҳотлар дастурини мамнуният билан эътироф этади.

Резолюцияда Ўзбекистондаги биринчи Америка университети бўлган Вебстер Университетининг ташкил этилиши ҳам юқори баҳоланади ҳамда Ўзбекистон ва Американинг таълим соҳасидаги ҳамкорлигини янада ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш, икки давлат университетлари ўртасида илмий ҳамкорликни кучайтириш масалаларига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилади.

Қўшма Штатлар Америка ва Ўзбекистон ўртасидаги мустаҳкам икки томонлама алоқаларнинг доимий ривожланишини, Ўзбекистондаги демократик, сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ислоҳотларнинг янада жадаллашишига умид қилмоқда.