Байден Трампнинг бир нечта фармонларини бекор қилди

Оқ Уй TikTok ва WeChat иловаларини, шунингдек, бошқа иловалардан фойдаланишни тақиқловчи собиқ АҚШ Президенти Доналд Трампнинг фармонини бекор қилди.

Тақиқларни бекор қилиш доирасида Трампнинг қуйидаги фармонлари бекор қилинди:

  • 2020 йил 6 августдаги 13942 сонли фармони (“TikTok иловаси юзага келтирувчи таҳдидларни бартараф этиш тўғрисида”);
  • 2020 йил 6 августдаги 13943 сонли фармони (“WeChat иловаси юзага келтирувчи таҳдидларни бартараф этиш тўғрисида”);
  • 2021 йил 5 январдаги 13971 сонли фармони (“Хитой компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган ёки назорат қилинадиган иловалар ва бошқа дастурлар юзага келтирадиган таҳдидларни бартараф этиш тўғрисида”).

АҚШнинг амалдаги раҳбари Жо Байден маъмурияти “хорижий душманлар”, шу жумладан, Хитой томонидан ишлаб чиқарилган ва назорат қилинадиган иловаларни қайта текширишни режалаштирмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Трамп ByteDance (TikTok иловасини ишлаб чиқарган хусусий корхона) “АҚШ миллий хавфсизлигига таҳдид соладиган” ҳаракатларни амалга ошириши мумкинлигини кўрсатувчи “ишончли маълумотлар” мавжудлигини асос қилиб Хитойнинг TikTok мобил иловасидан АҚШда фойдаланишни чеклаш тўғрисидаги фармонга имзо чеккан эди.

TikTok фойдаланувчилари Вашингтон судига Трамп маъмуриятининг қарорини бекор қилиш талаби билан мурожаат қилишган. ByteDance корхонаси эса Трампни TikTokни миллий хавфсизликни таъминлаш мақсадида эмас, балки, сиёсий сабабларга кўра тақиқлаб қўйганликда айблайди.