Бошнак қассобига бир умр қамоқ жазоси берилди

Европа Иттифоқи Кенгаши бошлиғи Шарль Мишель бугун «Бошнак қассоби» лақабли серб генерали Ратко Младичга Сребреницада содир этган жиноятлари учун бир умр қамоқ жазоси берилганлигини эълон қилди.

«Бу қарор қурбонлар учун адолатни таъминлашда муҳим бир қадам бўлди»-деб таъкидлади Мишель.

2017-йили Собиқ Югославия Жазо Маҳкамаси Ратко Младичга содир этган хунрезликлари учун бир умр қамоқ жазосини белгилаган эди. Аммо унинг адвокатлари ва Россиядаги «Ратко Младични озод қилиш комитети» бу айбловларни тан олмай, тинимсиз апелляция бериб келган. Шарль Мишель Младичга берилган жазонинг халқаро суд томонидан маъқулланганлигини ва узил-кесил эканлигини ҳам таъкидлаб ўтди.