Инсон қанча яшай олади?

Сингапур, Россия ва АҚШ тадқиқотчилари назарий жиҳатдан инсоннинг энг узоқ умр кўриш даври 150 йилни ташкил этади деган хулосага келди. Тадқиқот натижалари Nature журналида чоп этилган, деб хабар беради Korrespondent.net.

Организм ҳолатини баҳолаш учун олимлар кўпинча хронологик ёшга мос келмайдиган биологик ёш тушунчасидан фойдаланган. Биологик ёшни аниқлаш учун махсус биомаркерлар —  қариш предикторлари ажратилади.

Тадқиқот муаллифлари биологик ёшни қон таҳлили ёрдамида аниқлашнинг янги усулини яратган ва биологик қаришни баҳолашда DOSI (организмнинг динамик ҳолати индикатори) универсал кўрсаткичлари жамланмасидан фойдаланишни таклиф этган.

АҚШ Овқатланиш ва саломатлик миллий тадқиқот маркази ҳамда Буюк Британия биобанкидаги одамлар қонининг бўйлама таҳлилига оид маълумотларни таҳлил қилиш ДОСИ ёш, касалликнинг мавжудлиги ва ҳаёт тарзи каби ўзгаришларга боғлиқлигини кўрсатган.

Бундан ташқари, DOSI ёшга қараб касалликдан тикланиш вақтига пропорсионал равишда кўпаяди, яъни у организмнинг физиологик барқарорлиги кўрсаткичи бўлиб хизмат қилади.

Олимлар бундан келиб чиқиб ҳисоблаш усули орқали инсоннинг максимал умр кўриш давомийлиги 120 дан 150 ёшгача эканлигини аниқлаган, бунда барқарорлик нолга яқинлашади.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, улар томонидан ишлаб чиқилган усул биринчи бор ҳар бир инсоннинг умр кўриш давомийлигини фақат биологик ёшни аниқлайдиган бошқа усуллардан фарқли ўлароқ, назарий жиҳатдан баҳолаш имконини беради.

Аввалроқ америкалик олимлар инсон умрини 100 йилга қадар узайтириш усулини аниқлаган эди. Маълум бўлишича, инсоннинг узоқ умр кўришига нафақат генлар, балки у яшайдиган жой ҳам таъсир кўрсатади.