Жонсон ва Байден янги Атлантика хартиясини қабул қилишди

Буюк Британия ҳукумати раҳбари Борис Жонсон ва АҚШ президенти Жо Байденнинг музокаралари натижасида томонлар “демократияни ҳимоя қилиш” бўйича янги Атлантика хартиясини қабул қилишлари керак, дея хабар бермоқда Буюк Британия бош вазирининг девонхонаси.

Хабарларга кўра, ҳужжат иккинчи жаҳон уруши даврида Буюк Британия Бош вазири Уинстон Черчил ва АҚШ Президенти Франклин Рузвелт томонидан 1941 йилда имзоланган Атлантика Хартиясига мазмунан ўхшаб кетади.

Ҳужжатда Буюк Британия ва АҚШ “инсоният манфаати учун” ҳамкорлик қилишга келишган саккизта соҳа келтириб ўтилган. Уларнинг энг муҳимлари демократияни ҳимоя қилиш, жамоавий хавфсизликни таъминлаш ва адолатли ҳамда ишончли савдо тизимини яратишлар ҳисобланади.

Хартияда, шунингдек, кибер ҳужумлар оқибатида келиб чиқадиган таҳдидлар, иқлим ўзгариши ва биологик хилма-хилликни ҳимоя қилиш, пандемияни тўхтатиш ва ундан кейинги тикланиш чоралари каби долзарб муаммоларга тўхталиб ўтилган.