Коронавирус: инсоният вирус билан яшашни ўрганишига тўғри келади

Жаҳон Соғлиқни Сақлаш Ташкилотининг хабар беришича коронавирус ҳаётимиздан бутунлай чиқиб кетмайди. Буюк Британияда локдаунни тўлиқ бекор қилиш коронавируснинг 40% кўпроқ юқумли бўлган “Ҳиндистон” штамми туфайли катта савол остида қолмоқда, Исроилда ўсмирларни эмлаш ишлари бошланди, собиқ АҚШ Президенти Доналд Трамп эса Хитойдан коронавирус келтирган зарарни қоплаш учун 10 триллион доллар талаб қилмоқда.

Америкадаги Жон Хопкинс университети ҳисоб-китобларига кўра, бутун дунё бўйлаб пандемия оқибатида коронавирус билан 173 миллион киши касалланган, 3,7 миллион нафардан ортиқ инсон вафот этган ҳамда ҳозирга қадар 2 миллиард нафардан кўпроқ аҳоли эмланган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти коронавирусни тўлиқ бартараф этиш бўйича аниқ йўналиш мавжуд эмаслигини айтмоқда. ЖССТ вакили доктор Девид Набарронинг сўзларига кўра, вирус эмлаш ёки дори-дармонлар туфайли йўқолиб кетишига умид қилмаслик керак. “Одамлар бу вирус билан яшашни ўрганишлари шарт. Янги штаммлар пайдо бўлаверади, касалликлар ва инфекциянинг янги марказлари очилаверади ва биз бунга кўникишимиз керак”, – деди доктор Набарро Sky News телеканалига берган интервьюсида.

Унинг сўзларига кўра, бутун дунё аҳолиси янги штаммларнинг пайдо бўлишини оддий ҳолдек қабул қилишлари керак, чунки энди яқин келажакда бундай пандемиялар доимий равишда такрорланиб туради.