Лондон суди уйғур масаласини кўриб чиқмоқда

Уйғур жамоаси вакиллари шу йил апрель ойида британ парламенти қаршисида норозилик намойишига ҳам чиқишган

2020-йили адвокат Джеффри Найс Британия судига уйғур қатлиомини тан олиш борасида мурожаат қилган эди. Найс аввалдан Югославиянинг собиқ президенти Слободан Милошевич устидан бўлиб ўтган суд жараёнида етакчи роль ўйнаган эди.

Human Rıght Watch 2018-йилнинг сентябрида Хитойда мусулмон аҳолига қилинаётган зулм ҳақида баёнот берган эди. БМТ нинг берган маълумотига кўра, 2018-йилда Хитойдаги коммунистик қайта тарбия лагерларида 1 миллиондан кўп инсон ушлаб турилган эди.

Мусулмонларга шунингдек зўрлаб чўчқа гўшти едирилиб, спиртли ичимлик ичирилганлиги, аёлларга тажовуз қилинганлиги ҳақида маълумотлар бордир.

Бу масала юзасидан  Лондонда қатор маҳкама тингловлари бошланмоқда. Тўрт кунлик тинглов жараёнида 30 га яқин гувоҳнинг шоҳидлиги тингланади. Далиллар йиғилади.

Худди шу асосда Хитой ҳукумати Шинжонда содир этаётгани айтилувчи ҳуқуқбузарлик ҳолларини “геноцид”га тенгми ёки йўқлиги борасида бир қарорга келинади.

Маҳкама тингловини саккиз кишидан иборат ҳайъат олиб боради.

Ҳакамлар ҳайъатига британиялик таниқли адвокат сэр Жеффри Найс раислик қилади.

Маҳкама тингловида ҳукуматнинг иштироки йўқ ва ҳакамлар ҳайъатининг якуний қарори вазирларни қонуний масъулловчи кучга эга бўлмайди.

Аммо ташкилотчилар шунда ҳам маҳкама тингловлари Хитойга қарши даъволарни янада асослашига умид қилишмоқда.

Ҳайъат таркибига эса, олимлар, ҳуқуқшунослар ва британиялик собиқ дипломат кирган.

Сэр Жеффрининг айтишича, ҳайъатнинг холислигини таъминлаш учун атайдан унга турли касб эгаларини жалб қилишган, Хитойлик экспертларни таклиф қилишмаган.

Ташкилотчилар томонидан “Уйғур Трибунали”, деб аталаётган маҳкама тинглови Лондонлик бизнесмен Ник Ветч томонидан ташкиллаштирилган.

Ник Ветч 2019 йилда ҳам шунга ўхшаш маҳкама тингловига бош қўшган.Унда Хитойда инсон  органларини йиғиш бўйича даъволар кўриб чиқилган.

Хитой ҳукумати Шинжонда инсониятга қарши жиноят ва “геноцид” содир этишда айбланади.Шинжон Хитойдаги уйғурлар ва бошқа мусулмон озчиликларининг ватани бўлади.Экспертлар Хитой Шинжонда камида бир миллион мусулмонни ҳибсга олгани, уларни ўзбошимча лагерларда тутиб тургани ёки қамоқхоналарга юборганини айтиб келишади.

Собиқ маҳкумлар ва Шинжон яшовчилари эса, қийноқлар, оммавий кузатув ва мажбурий бичишлардан шикоят қилишган.

Хитой ҳуқуқбузарликларга оид даъволарни изчил равишда рад этади, Шинжондаги тармоқлар жамлоғи “қайта таълим бериш” ва “касб-ҳунар ўргатиш” марказлари эканини айтади.

Шинжон вилояти ҳукумати вакили Сю Гуйсян тингловларни “халқаро ҳуқуқ ва тартибни мутлақо бузиш, ҳақиқий геноцид қурбонларини жиддий таҳқирлаш ва минтақанинг кўпмиллатли 25 миллион аҳолисига қарши провакация”, деб атаган.

Гувоҳлик беришлари учун Лондондаги маҳкама тингловига ўндан ортиқ эксперт ҳам таклиф қилинган.

Уларнинг орасида Колорадодаги Денвер университети антропологи доктор Даррен Байлер, Ньюкасл университетининг хитойшунослик бўйича нотиғи доктор Жо Смит Финли, Австралия Стратегик тадқиқотлар институтининг тадқиқотчиси Натан Русер, Шинжондаги мажбурий меҳнат ва бичишлар ҳақида ҳисобот чоп қилган Андриан Зенцлар ҳам бор.

Бундан ташқари, маҳкама тингловида Жаҳон Уйғурлар Конгресси президенти Долқун Иса ҳам гувоҳлик беради.

Унинг Би-би-сига айтишича, икки халқаро маҳкаманинг бундай қилиш режаси йўқлиги боис, хусусий шаклда ташкиллаштирилган тингловлар Хитойнинг Шинжондаги амалларини текширишнинг ягона имкониятидир.

Халқаро Жиноят Маҳкамаси ўтган йил декабрь ойида ўзларига аъзо эмаслиги, юрисдикцияларидан ташқарида экани боис, бундай қила олмасликларини айтган.

Халқаро Адлия маҳкамаси фақат Бирлашган Миллатлар Хавфсизлик Кенгаши томонидан маъқулланган ишларнигина кўриб чиқиши мумкин.

Хитой эса, БМТ Хавфсизлик Кенгашининг вето қўйишга ҳақли беш доимий аъзосидан биттаси бўлади.

Долқун Иса онаси Шинжондаги ҳибсхонада вафот этганига ишонади.

Унинг айтишича, ўтган ҳафта укасининг умрбод қамоқ жазосига ҳукм этилганидан ҳам хабар топган.

Долқун Иса Лондондаги маҳкама тинглови сиёсатчиларни Шинжондаги мавжуд вазиятга “кўпроқ эътибор қаратиш”га ундайди, деган умидда.

“Нафақат кўпроқ эътибор қаратиш, балки санкциялар каби аниқ қадамлар қўйишга ҳам. Бу барча мамлакатларнинг зиммасидаги маънавий мажбурият, бурч”, – дейди Долқун Иса.
Бошқа бир гувоҳ, таниқли уйғур олими ва фаол Абдували Аюпнинг Би-би-сига айтишича, тингловлар “ўз кечмишларини ҳам сўзлаб берадиган платформа бўлади”.

Унга кўра, гувоҳлик бераркан, ўзининг қиз жияни Михрай Эркинни ҳам назардан қочирмайди.

Михрай Эркин Шанхайдаги Цзяо Тонг ва Токио университетларини тамомлаган.

Кейин Япониянинг Нара Илм-фан ва технология институтига ишга кирган.

Абдували Аюпнинг айтишича, масъуллар ота-онасига босим ўтказишгач, 2019  йилда жияни Шинжонга қайтган.

Унинг ноябрь ойида Шинжондаги Янбулоқ ҳибсхонасида ҳаётдан кўз юмгани ишонилади.

Михрай Эркиннинг ўлганига оид хабарлар май ойида Free Asia радиоси томонидан ҳам тасдиқланган.

“Агар жияним ҳақида бирон бир савол бўлса, мен мамнунлик билан жавоб бераман. Бу шахсан ўзим ҳам чекаётган азоб”, – дейди Абдували Аюп.

Сэр Жеффри Найс бундан аввал Сербия собиқ президенти Слободан Милошевичнинг маҳкама терговига раислик қилган.

Унинг Би-би-сига айтишича, халқаро судларнинг геноцидга оид айбловларни текшира олмаслиги ёки бундай қила олмагани “маълумот бўшлиғи”га сабаб бўлган.

Худди шу боис, ҳозир “бошқалар ҳам фойдаланишлари мумкин бўлган фактларни тақдим эта олиш умидидалар”.

“Трибунал фақат шу билан кифояланади. Ўзларидан текширишлари сўралган жиноятларгагина диққатини қаратади. Бошқаларга нима қилиш ёки қилмаслик борасида тавсия бермайди. Шунчаки, бошқаларнинг фойдаланишлари учун фактларни тақдим этади”.

Бундан аввал АҚШ Давлат Департаменти Хитойнинг Шинжондаги амалларини “геноцид”га тенглаштирган.

Буюк Британия, Канада, Нидерландия ва Литва парламентлари ҳам худди шундай мазмундаги баёнот билан резолюциялар қабул қилишган.

Бошқалар эса, геноцид қонуний кучга эга бўлган аниқ атама эканини айтиб, уни фақат жиноий суд белгилаши кераклигини таъкидлашган.

“Геноцид” иши Хитой уйғурлар маданиятини йўқ қилиш, мажбурий кўчириш ва бичишлар орқали аҳолисини камайтириш ёки ассимиляция қилиш ҳаракатида эканига оид хабарларга асосланган.

АҚШда жойлашган Human Rights Watch инсон ҳақларини сақлаш ташкилоти шу йил апрель ойида Хитой Шинжонда инсониятга қарши жиноятларга масъул, деган хулосага келган.

Аммо Хитой ҳукуматининг минтақадаги амалларини “геноцид” деб аташдан тийилган.