«МИЛЛИЙ МАФКУРА» Маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатларни қўлланиш дастури (2-қисм)

(Дастурнинг 1-қисми)

МАФКУРАВИЙ ТУШУНЧАЛАР ВА ТАМОЙИЛЛАР

Ўзбекларнинг дунёдаги ҳақ-ҳуқуқи ва равнақи йўлида хизмат қиладиган ҳар бир инсон дунёнинг қайси ўлкасида яшашидан қатъий назар бахтли оила яратиш ва фаровон келажак сари олға интилиб яшаш учун зарур бўлган умуммиллий тушунчалар ва тамойилларни эгаллашлари учун ҳаракат қилиши шарт.

I. МИЛЛАТ ВА ОИЛА

Ҳар қандай жамият томонидан «Миллий ғурур» ижобий баҳоланувчи туйғу бўлиши билан бирга бу ҳис-туйғу Ўзбекистоннинг келажагига эътиборли бўлган дунёдаги барча Ватандошимиз кўнглида Ватанпарварлик ва Миллатпарварлик ҳақидаги тушунчаларни сайқаллайдиган фикр ҳаракати ҳамдир.

1. Минг йиллар давомида сайқалланган ўзбекона тушунчаларнинг йўқ бўлиб кетишига йўл қўймаслик учун дунёнинг қайси мамлакатида яшашидан қатъий назар ҳар бир Ватандошимиз миллий борлиғини аввало ўзида ва ўз оиласида намоён қила билиши зарур.

2. Соғлом оилавий муҳитда сингдирилган умуминсоний эзгулик ва одамгарчилик тушунчалари миллий онгни шакллантириш мақсадида олиб борилган ҳаракатларни муваффақиятли амалга ошишини таъминлайди. Зеро, ҳар бир инсонда, ўз халқи билан ҳамнафас бўлиш ва ўз Ватандошларининг дарди билан фиғонига ҳамдард бўлиш туйғулари асосида онгли равишда юксак инсоний фазилатлар тарбия қилинади.

3. Ўзбек халқининг миллий руҳида мужассам бўлган ва ўзигагина хос маданияти, маънавияти ва маърифатининг таянадиган асосий кучини ташкил қиладиган халқчиллик ва ҳамжихатлик каби фазилатлари, айнан ўз тақдири билан бирга ўзгалар тақдирини ҳам ўйлашга ва уларга нисбатан бефарқ бўлмасликга даъват қилувчи миллий урф-одатлар сарчашмасидан озуқаланади.

4. Ҳар бир ўзбек, Ўзбекистон Республикасида бўлаётган ижтимоий-сиёсий жараёндан воқиф бўлиб туриши учун оиласи, қавму қариндоши ва яқинлари билан биргаликда миллий масалалар устида ташкилий ишлар олиб боришлари мақсадга мувофиқ бўлади.

5. Ҳар бир инсон, ўзининг келажак авлодини ўстириб-улғайтириш учун зарур бўлган макони бўлмиш «Эл-юртини» ҳимоя қилишни «Миллий мафкурасига» таянган ҳолда амалга ошириши мумкин ва бу жараён инсон тафаккурида ўзига хос «Миллий онг» яратилишига васила бўлади. Натижада, ҳар бир инсон ўз «Миллий қадрияти» ҳақидаги тушунчаларини наслдан наслга беришга ҳаракат қилишни «Умуммиллий мақсад» сифатида баҳолай бошлайди.

I. МИЛЛИЙ АДОЛАТ СИЁСАТИ

Ўзбеклар ичидан чиққан зиёли ва инсофли кишиларнинг билим ва тажрибаларидан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқилган «Миллий адолат» қоидалари мажмуи асосида амалга оширилиши шарт бўлган ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаракатлар қуйидаги мавзулардан иборат бўлиши шарт:

1. Дунёнинг турли хил давлатларида истиқомат қилувчи ўзбекларнинг ўз миллий тилига, адабиётига, маданиятига ва тарихига бўлган ҳурмат ва эътибори Ўзбекистонда яшаётган ўзбек миллати билан чамбарчас боғланган бўлиши тавсия қилинади.

2. Ўзбек миллатининг жаҳондаги обрў ва мавқеини ошириш мақсадида амалга оширилиши зарур бўлган ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар ва маданий-маърифий тадбирлар эвазига ўзбек халқининг миллий борлиғи юксак мавқеъга эга бўлиши таъминланади.

3. Ўзбеклар ўз ҳақ ҳуқуқини қонунга кўра талаб қилиб, оммавий намойишлар ташкил қилмоқчи бўлсалар, ўзлари яшаб турган давлатнинг қонунларига бўйсинган ҳолда амалга оширишлари шарт. Ортиқча ҳиссиётларга берилиш оқибатида юзага чиққан ҳар қандай ғалаён инсонларни орзу-умидларидан, армон этилган эзгу ниятли юксак мақсадларидан узоқлаштириб фалокатларга олиб келиши мумкин.

4. Ноҳақликларнинг олдини олиш мақсадида ҳар бир ўзбекнинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини сиёсий ва ижтимоий йўллар билан, халқаро ҳуқуқ ташкилотлари ёрдамида ҳимоя қилиб билиши шарт.

5. Жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш жараёни салбий тус олмаслиги учун ҳар бир ўзбек энг аввало шахсиятнинг миллий онгини шакллантиришда керакли бўладиган тушунчаларни англаб тушуниб етиши шарт.

6. Миллат борлиғини сақлаш мақсадида ҳаракатланаётган ўзбеклар миллий таҳлика яратувчи ҳар қандай вазиятга қарши чиқиш учун энг аввало илмий-амалий тадқиқотлар асосида ишлаб чиқилган маданий-маърифий йўл билан кураш олиб боришлари шарт. Бунинг учун, ўзбекларнинг миллий ҳақ-ҳуқуқларини таъминловчи ижтимоий-сиёсий тизим қоидаларини барпо этиш зарур.

7. Миллий адолатни таъминловчи қоидалар аҳоли ичидаги ва давлат тизимидаги муҳим ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий муаммоларга диққат этилган ҳолда ўзбеклар томонидан ташкил этилган партиялар, уюшмалари ва жамиятларнинг дастурларида, қўлланмаларида ва низомларида кўрсатилиши зарур. Айнан мана шу ҳаракатларнинг бирикими, дунёнинг барча давлатларида истиқомат қилувчи Ватандошларимизга нисбатан «Миллий адолат» таъминланиши йўлидаги ҳаракат дастури дея баҳоланмоғи зарур.

II. МИЛЛИЙ МАНСУБИЯТ СИЁСАТИ

«МИЛЛИЙ МАФКУРА» дастури асосида бошланган миллатни тараққий эттириш йўлида хизмат олиб борувчи маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар кўпчилик инсонларга ижобий таъсир кўрсатиб, ҳаётий аҳамиятга эга бўлган миллий тараққиёт сари етакловчи миллий бирликни юзага чиқариш жараёни аввало ўзидан амин бўлган ҳар бир ўзбекнинг ўзидан бошланиши шарт.

Қоидалар мажмуи асосида ижтимоий тартибни сақлаш учун керакли бўлган назорат усуллари ўзбеклар яшаётган давлатнинг қонунларига кўра ишлаб чиқилган кенг қамровли кўрсатмаларга ва йўриқномаларга асосланган ҳолда олиб бориладиган ижтимоий ва сиёсий ҳаракатлар билан амалга оширилиши зарур.

1. Тараққиёт – бир жойда тўхтаб қолмайдиган ҳаракатчан жараён ва тизимли равишда, босқичма босқич амалга ошириладиган ижтимоий ҳодисалардаги муваффақиятлар мажмуидир.

2. Ўзбекистондаги ўзига хос миллий муҳит, бир неча минг йиллар давомида шаклланган ўзбек халқининг зеҳниятидан келиб чиққан миллий маданият ва миллий турмуш тарзининг асосини белгилайди. Лекин, замонавий ўзбекнинг дунё қараши фақат Ўзбекистонда содир бўлган воқеалар ва ҳодисалар билан чегараланмайди.

3. Сиёсат аҳли, жамиятни орқага судровчи ва ижтимоий-сиёсий қолоқликни келтириб чиқарадиган мавзуларга михланиб қолишдан ўзини қутқаришни билиши зарур ва бу иллатдан эҳтиёт бўлиши шарт.

4. Ҳар қандай сиёсий тадбирни амалга ошириш учун, энг аввало пухта ишлаб чиқилган ҳаракат дастури яратилган бўлиши керак. Ҳаракат дастурини ишлаб чиқишда эса ўзлари яшаётган давлатнинг, жамиятнинг, халқнинг ичидаги сиёсий-ижтимоий вазиятни аниқ ва тўғри баҳолайдиган усулларга, тартиб ва қоидаларга эътибор беришлари шарт.

5. Ўз халқига хизмат қилишнинг асл моҳияти нимадан иборат эканлигини тушунадиган зиёли ва ўқимишли сиёсатчилар билан бирга давлат арбоблари ҳам энг аввало шахсан ўзининг ва тарафдорларининг хавфсизлиги ва хотиржамлиги ҳақида қайғурадиган сиёсатчи, миллий сиёсатни риворжлантира олиши мумкин.

6. Айнан, ўзи яшаб турган жамият ичидаги долзарб ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий муаммоларнинг ечимини излаб топиб, масалани тинчлик ва одамгарчилик йўли билан ҳал етишни уддасидан чиқиб билган жамоат ва давлат арбоблари нафақат ўз халқининг, балки инсониятнинг ҳимоячилари ҳисобланади.

7. Инсонлар ҳаётида юзага чиқиши мумкин бўлган сиёсий-ижтимоий ва маданий-маърифий масалаларга маъсулият билан ёндошадиган инсонлар миллатнинг фахридир. Айнан, ўзи яшаб турган жамият ичидаги долзарб ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий муаммоларнинг ечимини излаб топиб, масалани тинчлик ва одамгарчилик йўли билан ҳал етишни уддасидан чиқиб билган жамоат ва давлат арбоблари нафақат ўз халқининг, балки инсониятнинг ҳимоячилари ҳисобланади.

8. Барча фаҳму фаросати бор, ақли жойида бўлган инсонларнинг орзу, умидлари ва энг эзгу мақсадлари, асосан оиласида, давлатида ва бутун дунёда барқарорлик ва фаровонликка эришишдан иборатдир.

9. Умуммиллий тараққиётга етакловчи орзу-умидларнинг ва буюк мақсадларнинг амалга ошиши учун инсонларни улуғвор ишларга сафарбар этадиган миллий тушунча, бунёдкорликка асосланган ғоялар мажмуи энг аввало Ватандошларимиз ва Миллатдошларимиз яшаётган муҳит талабларидан келиб чиққан ҳолда давомли ҳаракатда бўлиши шарт.

III. МИЛЛИЙ ТИЛ СИЁСАТИ

Инсоният тарихидан маълумки, аввал тарқоқ ва бир бирига зиддиятли ёв бўлган қавмлар ўтмишида бўлиб ўтган тарихий жараёнлардан ҳосил бўлган хулосалар ва тафсилотлар билан бирга келажакда руёбга чиқиши армон қилинаётган орзу-умидлари мужассам қилинган миллий ғоя асосида маънавий жиҳатдан бирлашади, муштарак қўлланадиган ўз адабий тилига эга бўлишади. Яъни, илғор фикрли инсонлар мажмуаси ҳамжиҳатлик билан бир миллат номи атрофида бирлаша олгандагина инсонлар онгида умуммиллий тафаккур ўйғонади.

1. Бир миллат номи атрофида бирлашиб, ўз мустақил давлатига эга бўлишни уддалай олган ва ўзининг умуммиллий тафаккурига кўра жамият тараққиётини мақсад қилиб олган инсонлар мажмуаси томонидан ижтимоий, сиёсий, маърифий ва маданий жабҳаларда олиб борилган ҳаракатлар эвазига турли хил қавмлар бир халқ бўлиб бирлашиб, муштарак қўлланадиган ўз адабий тилига эга бўлишади.

2. Миллатидан, динидан, дунё қараши ва жинсидан қатъий назар Ўзбекистонда яшайдиган одамлар ўзларининг оддий ва кундаликли турмушида қулайликлар яратиш мақсадида ўзбек тилини ва ўзбек урф-одатларини қўлланиб билишлари учун қулайликлар яратилган бўлиши шарт.

3. Сиёсий ва маданий томондан кучли эканини халқаро ҳамжамият олдида исботлашни истайдиган ҳар бир халқ энг аввало ўзининг миллий тилини ва миллий маданиятини асраб, авайлаб, ривожлантириши зарур. Чунки, миллатнинг тили ва миллий адабиёти ривожланган бўлиши ҳар қандай сиёсий ва ижтимоий фаолиятни самарали қилувчи муҳим омилдир.

4. Ўзининг миллий давлат тилига эга бўлган миллат, бутун дунё кўз олдида маданий, маънавий ва маърифий жабҳаларда салоҳиятли ва кучли жамият сифатида ойдек равшан бўлиб кўриниб тураверади. Айнан шу сабабли, халқдан чиққан зиёлилар ўз миллий тилини ривожлантириш йўлида фидокорлик билан хизмат қилади. Зиёлилар кўнглидаги миллий тилни ривожлантириш ҳаёжони ва истаги давлатчиликдаги энг муҳим ижтимоий-сиёсий заруриятдан келиб чиққан ҳаётий масала бўлиб ҳисобланади.

5. Илмий салоҳиятга эга ва дунёдан хабари бор зиёлилар амалга оширган ижтимоий, сиёсий, иқтисодий ва маданий соҳалардаги маърифатчилик ҳаракатлари эвазига яратилган давлатчилик тамойилларини ифодаловчи миллий мафкурага кўра тараққиёт йўлида юксак марраларни эгаллашга қодир жамият шаклланади.

6. Илғор фикрли инсонлар ўз авлодлари мустақил давлатнинг келажак насли сифатида тинчликда, тотувликда ва тараққий этган жамиятда яшаб фаровон ҳаёт кечиришлари учун ўзлари қурган давлатни тараққий этишини ва мустақил бўлиб қолишини таъминлашда зарур бўлган мақсад сари ўз миллий мафкурасига таянган ҳолда беминнат ҳаракатланади.

7. Ёвуз ниятли кишиларнинг фаолияти оқибатида миллий мансубиятига кўра ўзбеклар камситилиб четлатилмаслиги учун ва оддий авом халқнинг чорасиз камбағал бўлиб қолиш хавфининг олдини олиш мақсадида зиёли кишилар таълим сохасида ўзбеклар орасида маърифатландириш ишларини ташкил қилади.

IV. МИЛЛИЙ МАТБУОТ СИЁСАТИ

Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасига кўра жамиятимизда рўй бераётган демократик жараёнлар – омма эътиборига лойиқ бўлган жиддий таҳлил талаб қилувчи долзарб ижтимоий-сиёсий масалага айланиб улгурди. Лекин, бўлаётган сиёсий жараённи миллий матбуот ёритиб ёки халқ тили билан ифода қилиб бера олмаяпти. Чунки, ҳали ҳам ўзбек матбуотида сўз эркинлиги оқсомоқда.

1. Таъкидлаш жойизки, «Матбуот эркинлиги индекси» рейтингига кўра Ўзбекистон 180 давлат орасида сўз эркинлиги соҳасида энг ёмон вазиятга эга ўринни эгаллаб турибди. Матбуот эркинлиги бундай даражага тушиб қолишининг ўзи жамият тараққиётининг аҳволини кўрсатиб турибди.

2. Мустақил давлатнинг маданий-маърифий соҳаларда тараққий этиши том маънода ўзининг мустақил фикрини эркин ифода қила оладиган инсонлар яшайдиган кучли салоҳиятга эга давлат барпо бўлгандагина амалга ошиши мумкин. Замонавий дунёда, жамиятдаги тараққиёт даражасини кўрсатадиган асосий мезон бу эркин матбуотдир.

3. Дунё Медиасида омма эътиборида ўзбекларга қарши қаратилган миллий масалалар юзасидан чиққан ижтимоий фикр, баҳс-мунозаралардаги тавсиялар ва мурожаатлар асосида ижтимоий тармоқларда ташкил қилинган миллий масалалар билан шуғулланадиган ташаббус гуруҳлари иштирокчилари томонидан олиб борилаётган тадқиқот натижалари омма эътиборига туркум мақолалар шаклида ижтимоий тармоқларда ўзбек, турк, инглиз ва рус тилларида фаолият олиб борадиган интернет ресурслардан тақдим этилмоқда. Ўзбеклар орасидан ҳам миллий масала билан шуғулланадиган, дунё танийдиган сиёсатчилар этишиб чиқиши шарт.

V. ВАТАНДОШЛИК ВА МИЛЛАТДОШЛИК ПОЗИЦИЯСИ

Миллий мансубиятлилик ва миллий сиёсат – бу жуда нозик масалалар, шу билан бирга, ҳал этилиши учун жуда катта эътибор ва маблағ талаб қиладиган муаммолар ҳамдир. Кундалик турмушдаги турли ижтимоий ва моддий қийинчиликлар ичида яшаб, ўз оиласини маошдан маошга зўрға боқиб юрган зиёлилар бундай муаммолар ва масалаларни ҳал қилишга кучи етмаслиги ҳам мумкин.

Бутун дунё бўйлаб тарқалиб кетган ўзбекларнинг умуммиллий тараққиётга эришиш йўлидаги орзу-умидларини ҳамфикрликда ва ҳамжиҳатликда амалга ошириш учун зарур бўлган бирлаштирувчи йўриқнома сифатида «МИЛЛИЙ МАФКУРА» номли маданий-маърифий ва ижтимоий-сиёсий ҳаракатлар дастуридаги ғоя негизи ҳар бир ўзбекнинг онгида миллий масала тусини олиши шарт. Масаланинг асосий мавзулари қуйидагилардан иборат:

1. Ўзбекистон ташқарисидаги яшаётган қайсидир ўзбекнинг бошидан ўтаётган чорасизлик, азоб-уқубат, йўқчилик ва бошқа масалалар билан боғлиқ вазиятларга ҳар бир Ватандошимиз ва Миллатдошимиз ҳамдард бўлиб, шахсан ўзини унинг аҳволига даҳлдорман, деб билиши шарт.

2. Мутахассислар томонидан олиб борилган илмий-амалий тадқиқот натижаларига кўра ўзлари яшаётган давлатнинг бошқарув тизимидаги ўзбекларга қарши суъний яратилган ёки мавжуд бўлган тўсиқларни ва муаммоларни аниқлайдиган, муаммоларнинг сиёсий, ижтимоий ва ҳуқуқий ечимини таъминлашга қаратилган тадбирларни мунтазамлик билан амалга ошириш шарт.

3. Ўзбекларнинг миллий ҳақ-ҳуқуқлари ва шахсий эркинлиги улар яшаётган давлатнинг қонунида тан олиниши билан бирга ҳар томонлама тўғри ишлаб чиқилган давлат дастурлари асосида ҳимоя қилинаётгани ва бу қонунларнинг ижро этилиши умуминсоний ҳақ-ҳуқуқлар меъёрларига мос равишда таъминланаётгани ва ижро этилаётгани назорат қилиниши шарт.

4. Ўзбеклар яшаб турган давлатнинг қонунларига кўра кафолатланган ижтимоий тартиб ҳамда қонун устуворлигини баҳолайдиган ижтимоий интизом қанчалик даражада қонунга мос равишда ишлаётганини назорат қилишда мамлакатнинг иқтидордаги ҳукумати амалга ошираётган ички ва ташқи сиёсати шу давлатда яшовчи Миллатдошларимизга нисбатан қандай ишлаётганидан хабардор бўлиши шарт.

5. Ўзбеклар яшаб турган давлатнинг ижро ҳокимияти шу давлатда яшаётган Миллатдошларимизни қонуний йўл билан ҳимоя қилаётганлигини ва бу жараённи давлат қонунига кўра тўғри амалга ошираётганлигини назорат қилиш каби масалаларда давлатнинг ижро тизимининг ҳаракатларини белгиловчи давлат қонунининг шакли умуминсоний ҳуқуқ меъёрларига кўра ишлаб чиқилганлигидан хабардор бўлиши шарт.

6. Ўзбеклар, ўзлари истиқомат қилаётган давлат ичида инсониятга қарши қилинаётган барча ноқонуний ҳаракатларни бартараф қилиш учун зиёли кишилар томонидан ташкил қилинган жамиятлар ва ижтимоий ташкилотлар ёрдамида сиёсий-ижтимоий, маданий-маърифий йўллар билан кураш олиб боришлари ҳам мумкин. Уларнинг бу фаолиятлари ўзлари яшаб турган давлат қонунларига кўра зиддиятли бўлмаслиги зарур.

7. Ўзбеклар, ўзининг миллий онгини бегона ва ёт ғояларнинг ҳуружидан асраш учун энг аввало умуминсоний қонун-қоидаларга кўра асосланган маърифий-маданий усуллар билан ҳаракат қилишлари лозим.

8. Ўзбеклар, ўзлари яшаб турган мамлакатда тинчлик ва фаровонликни сақлаш учун ҳамда иқтисодий чорасизлик аҳволга тушиб қолишининг олдини олиш мақсадида амалга ошириладиган тадбирларни уруш-жанжалларсиз ва ҳар хил ғалаёнларсиз амалга оширишга ҳаракат қилиши шарт.

9. Ҳар бир ўзбекнинг тақдири бу унинг шонли вазифасидир. Ўз миллий тушунчаси ҳамда ўз миллатининг ҳаётий вазифаларини тақдири сифатида қабул қилишлари учун ҳаракат қилиши шарт.

VI. МИЛЛИЙ ҚИЁФАДАГИ СИЁСАТ

Миллий ўзлиги, ғурури, онги, номуси оёқ ости қилинган ва эзилган мазлумларнинг онгида яхлит бир халқ бўлиш тушунчаси эндигина қайта шаклланиб бошланган даврда инсонлар ҳаёти жуда оғир ижтимоий-сиёсий вазиятлардан кечади.

Дунёда бўлаётган сиёсий-ижтимоий вазиятларни ҳисобга олган ҳолда ўзбеклар ўз миллий онгини ва миллий ўзлигини асраш йўлида ҳаракат қилиш билан бирга ўз ҳақ ва ҳуқуқларини ҳам дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган усул ва тартибларга кўра ҳимоя қилишни уддалай олишлари лозим.

1. Кечагина «темир парда» ортидаги СССР деган қафасда ўтирган беайб маҳкумлар, тақдирлари бегуноҳ мажағланиб, армонлари сабабсиз синдирилган, руҳи ўтмишдаги қирғинлар ва қатағонлар билан қўрқитилиб, эзилган «индамаслар» ўзининг мустақил ва ривожланган давлатини бошқара оладими, эркин сўзлай оладими, ҳур яшашни уддалай оладими ёки яна қарамлик вазиятига тушадими!?

2. Ўзбекистонликларнинг ва бошқа давлатларда яшовчи Ватандош ва Миллатдошларимизнинг онгида «ўзбек юрти», «ўзбек улуси», «ўзбек тарихи», «ўзбек маданияти», «ўзбек адабиёти», «ўзбек фани», «ўзбек сиёсати», «ўзбек иқтисодиёти» умуман «ўзбек фани» деган тушунчаларга нисбатан ва «ўзбек» атамасига бўлган муносабатларни қандай йўллар билан ҳамфикрлик, ҳамжиҳатлик ва ҳамкорлик даражасига кўтара оламиз!?

3. Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элатларнинг ҳақ-ҳуқуқлари расмий шаклда қонун билан ҳимояланган. Лекин, бошқа давлатларда яшайдиган, ўзини ўзбекман дейдиганларнинг сони Ўзбекистон Республикасининг ичидаги ўзбеклардан анча кўпроқ, уларнинг аҳволи қандай, уларнинг миллий мансубиятини ким ҳимоя қилади!?

4. Яқин ўтмишимизда, миллий зеҳниятимизга умуман тўғри келмайдиган зиддиятли тушунчаларни маҳаллий халқ онгига суқиш учун нималар қилинди!?

5. Маҳаллий халқ орасида бўлмағур ҳаёт тарзини оммалаштиришга жонбозлик кўрсатганлар қандай мақсадларни кўзлаган эди ва бунинг оқибатида миллатимиз аҳволи қандай вазиятга олиб келинди!?

6. Мустақил Ўзбекистон Республикасининг давлат бошқарув тизимига эски совет сарқитлари билан бирга суқулиб кириш истагида сарсон бўлиб юрганларнинг ташаббуслари қайси томонлардан чиқиши мумкин!?

7. Советпарастлар қайси раҳнамоларининг буюртмасига кўра мустақил давлат халқининг манфаатларига зиддиятли бўлган ташвиқот ва тарғибот ишларини олиб боришни истаб қолиши мумкин!?

8. Ўзбек халқининг ўзлиги, миллий борлиғи ва миллий руҳияти қандай шаклга ва қиёфага эга!?

9. Ўзбек халқи замонавий дунё талабларига мос шаклда ўзини ҳар томонлама ҳимоя қилиб, асраб, авайлаб, сақлаб билиши учун ёш авлод қандай фикр ҳаракатини тушуниши ва билиши шарт!?

10. Дунёда содир бўлаётган ҳарбий ва ташқи сиёсий жараёнлардаги кескин ўзгаришлар замонавий дунёдаги ахборот урушлари билан боғлиқ вазиятларни келтириб чиқармоқда. Ўзбекистон Республикаси ичкарисида яшовчи инсонлар ҳаётига ахборот хуружлари қандай таъсир кўрсатиши мумкин!?

11. Ўзбекистонга ва ўзбек миллатига ўзини даҳлдор ҳисс қиладиган, ўзини «ЎЗБЕК» ҳисоблайдиган бошқа давлатнинг фуқораси шахсан ўзининг ёки оиласининг ижтимоий-сиёсий ва маданий-маърифий ҳаётини Ўзбекистон Республикаси билан боғлашдан кўзлаган асосий мақсади нимадан иборат!?

Бир қарашда ушбу саволларга жавоб топиш осон туюлгани билан аслида жуда мураккаб тадқиқотлар натижасига кўра хулоса чиқаришга ундайди, жавоблар эса кўп жилдли китоб саҳифаларини эгаллаши мумкин. Саволларга жавоблар, муаммолорга эса ечим излаш ҳар бир Ватан ва Миллат фидоийси учун ҳам фарз, ҳам қарздир. Ушбу масалалар нафақат мутахассисларга, балки оддий халқимизга ҳам қизиқ.

VII. ҲУРРИЯТ ВА МИЛЛИЙ ҒУРУР СИЁСАТИ

Ўзбек давлатчилик тарихида, асосан халқимиз тақдирида содир бўлган жуда мураккаб жараёнларга муносабат билдириш каби масалалар ҳамма вақт зиёлилар эътиборида туради.

Айнан тарихий воқеаларга эътибор, ўтмишдаги ёлғонларни бугунги кун ҳақиқатлари билан таққослаб кўриш, ҳар томонлама ёндашувлар орқали таҳлил ва хулосалар чиқариш ишлари ҳар бир миллатнинг ўзлигини ва миллий борлиғини асраш учун керакли бўлган маърифий тамойиллар асосида амалга оширилган ҳаракат сифатида дунё ҳамжамияти томонидан тан олинган.

Сиёсий рақобат ва кураш талафотсиз бўлмайди. Ёлғиз одам ҳаминқадар иш бажариши мумкин. Лекин, жамиятни ташкил қилувчи асосий омил, бу халқдир. Халқнинг салоҳияти эса халқ намоёндалари бўлмиш шахсларнинг маданий савияси ва фикрлай олиш қобилиятига боғлиқ.

Эндигина ҳуррият ҳавосидан нафас олиш учун қафаслар туйнигидан озодлик сари мўралаб чиқиб, кечаги кишанларини ечиш билан овора бўлаётган бечоралар, дунёдаги ривожланган давлатларда бўлаётган замонавий тараққиётга назар солишга, улардан ўрнак олишга ва янгича иқтисодий ўзгаришлар қилишга қодирми ёки талофатга учраб, ижтимоий муаммолар билан аралашиб тўхтаб қоладими, буни вақт кўрсатади.

VIII. МИЛЛИЙ ФИКР ҲАРАКАТИ

Дунёнинг қайси давлатида яшашидан қатъий назар ўзини «ўзбек» дейдиган ва Ўзбекистонга дахлдорман деб ҳисоблайдиган зиёлилар орасида миллий масала бўйича фикр ҳаракати ҳеч қачон тўхтамаган. Аслида, бу жараён охирги 200 йил ичида турли хил сиёсий кўринишларга эга бўлган бўлсада, тақдири ўзбеклар билан бирга Ўзбекистонга ҳам боғлиқ инсонлар қалбидаги мақсаднинг моҳиятини алла қачон миллий мафкура даражасига кўтариб улгурган фикр ҳаракати мавжудлигини кўрсатмоқда.

1. Инсон, ўз эли ва юртига нисбатан қайсидир ташқи ёки ички унсурлар томонидан қўлланилган ижобий ёки салбий таъсирлар натижасида ҳосил бўладиган ўзидаги яхши ёки ёмон ҳис-туйғуларнинг ифодасини яшаб келаётган жамиятининг ўзига хос «миллий ори ва номуси» каби тарбиявий жиҳатлари билан назорат қилади.

2. Миллий онги, миллий ўзлиги, миллий ғурури билан бирга оилавий қариндошлиги, маданий яқинлиги ва бир-бирига бўлган иқтисодий эҳтиёжларини бирлаштира олган ва шу тушунчалар асосида бирикиб «Эл-юрт» бўла олган одамлар ўзининг «Миллий ўзлигини», борлиғини, яшаш тарзини, миллий урф-одатларини ўз халқининг «Миллий қадрияти» деб ҳисоблайди.

3. Инсон хулқининг тарбиявий жиҳатини, ижтимоий-сиёсий чегарасини ва миллий шаклини белгиловчи Ор, Уят, Эл, Юрт тушунчаларининг бирикмасидан ҳосил бўладиган «Миллий онг»нинг «Миллий ғурур»га айланиши ўз халқи, оиласи, туғулиб ўсган макони, дунё харитасида мустақил давлат сифатида белгиланган ва дунёдаги барча ўзбекларнинг маркази бўлган Ўзбекистон диёрига нисбатан ҳурмат ва эҳтиром билан фахрланишдан келиб чиқадиган бир туйғу ҳисобланади.

4. Инсонларнинг оилавий қон-қариндошлиги, маданий жиҳатдан бир-бирига ўхшашлиги, қолаверса, бир-бирига бўлган иқтисодий эҳтиёжи сабабли юзага чиқадиган ижтимоий бирикма ўлароқ қабул қилинган «Эл-юрт» тушунчасини ҳимоя қилиш ҳар бир инсоннинг тарбиясига боғлиқ ҳодиса.

(Дастурнинг 3-қисми.)

Шухрат Саломов БАРЛОС