Пандемия Қуёнлар оролига таъсир ўтказди

Япониянинг Хиросима префектурасига қарашли Окуношима оролида яшовчи ёввойи қуёнлар коронавирус туфайли камайиб кетмоқда.

Бунинг сабаби-пандемия туфайли туристлар оролга кам келадиган бўлди ва қуёнларни боқиш имконияти ҳам сезиларли даражада тушиб кетди. Ем етишмаслиги туфайли улар турли касалликларга чалинмоқда. Ҳозирда маҳаллий аҳоли бу қийин шароитда қуёнларни асраб қолиш чораларини муҳокама қилишмоқда.

II Жаҳон урушидан аввал ва уруш пайтида ҳам Япония Империал Армияси бу оролда заҳарли газ ишлаб чиқарувчи фабрикага эга бўлган эди. 1950-йилгача хавфсизлик мақсадида орол хариталардан ўчириб ташланган, инсонларнинг келиши таъқиқланган эди. Ўша йили эса орол қайтадан очилди ва у ерда миллий парк барпо қилинди. Газ фабрикаси эса ташлаб кетилган бино сифатида туристларнинг диққатини тортадиган жойлардан бирига айланди.

Оролга туристларни энг кўп қуёнлар жалб қилади ва улар бу жониворлар учун махсус озиқ-овқат олиб келишади. 2017-йили оролга 407,000 нафар сайёҳ келган эди. Қуёнлар сони эса 2018-йили 1,000 бўлган бўлса, ҳозирда пандемия шароити туфайли атиги 500 га тушиб кетди.