Tesla даги биринчи ўзбек қизи – Муштарий Шарифова

Дунёга машҳур Tesla компаниясига ишга олинган биринчи Ўзбекистонлик қиз Муштарий Шарифова билан суҳбатни диққатингизга ҳавола қиламиз.

Ватандош: Муштарий, аввало сизни Tesla компаниясида иш бошлаганингиз билан табриклаймиз. Ўйлаймизки, бу муваффақиятингиз ватанимиздаги бошқа ўғил-қизларга жуда яхши ўрнак бўлади ва улар ҳам сиз каби чўққиларга эришишни ўзларига мақсад қилишади.

Муштарий: Катта раҳмат. Компанияда Ўзбекистонлик бир йигит ҳам ишлайди, қизлардан эса мен биринчи бўлдим. Ўйлайманки, мендан кейин Ўзбекистонлик ёшлар албатта бу ерда кўпаяди.

Ватандош:  Ўзингиз, талабалик йилларингиз ҳақида гапириб берсангиз.

Муштарий:  Мен 1993-йили таваллуд топганман. Лицейни битиргач, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университетига ўқишга кирмоқчи бўлдим, аммо имтиҳонлардан муваффақиятли ўтолмадим. Аввалига бундан хафа бўлдим, кейинги йили Сингапур медеджментни ривожлантириш университетига ўқишга кирдим. У ерда бир йил ўқидим ва ўз кучим билан Берлиндаги Universıty of applied sciences in Europe га ўқишга киришга муваффақ бўлдим.

Ватандош: Ўқиш йилларингиз, албатта осон бўлмагандир? Ҳар қалай хориж университетининг талаблари юқори.

Муштарий: Германиядаги ўқиш тизими Ўзбекистондагидан тубдан фарқ қилади. Умуман олганда, Европа давлатларида ўқишга кириш осон, лекин имтиҳонлардан 3 кез йиқилган талаба ўқишдан четлатилади ва ортиқ ўша мамлакатдаги ҳеч бир университетда ўқий олмайди.

Мен талабалик йилларимни қизиқарли ва мазмунга бой йиллар деб хотирлайман. Ўқитувчилар дарсларни осон услубда содда тилда тушунтиришарди.  Имкон борича соҳамдаги янгиликлардан хабардор бўлишга, керакли дастурларни ўрганишга ҳаракат қилдим.

Дарслар умуман олганда осон бўлишига қарамасдан, имтиҳонлардан ўтиш учун уларга жуда қаттиқ тайёрланардим. 5 йил ичида университетни битирдим.

Ўқишнинг 3-семестридан бошлаб бизда мажбурий амалиёт бошланади. 4-курсдан эса стаж дастурини амалга ошириш керак. Охирги 5 ва 6-семестрларда талаба ўз йўналишини белгилаб олиши керак. Мен долзарб соҳа деб молия йўналишини танладим. IT соҳасини ҳам қўлдан келганча ўрганишга ҳаракат қилдим ва бу менга келажакда жуда асқотди.

Ўқиш йилларим 2015-2019 йилларга тўғри келди. 2019 йилнинг сентябрида ўқишни тугатдим.

2017-йилнинг сентябридан 2018-йилнинг мартигача Adidas компаниясида амалиёт ўтадим. Ўқиш давомида яна бир Zalando компаниясида ишлаганман. SAP компаниясида эса 2-амалиётни ўтаб, битирув малакавий ишимни ёзиб тугатганман.

American Publishing Company компаниясида 2020 йил февралидан 2021 йил январигача ишладим.

Ватандош: Tesla компаниясига ишга киришингиз қандай рўй берди?

Муштарий: Бу муддат ўтгач, турли хил компания ва фирмаларга ишга кириш ҳаракатига тушдим. Суҳбатларнинг деярли барчаси жуда яхши ўтарди, лекин негадир охирида рад жавоби олавердим. Лекин мен бўш келмадим, Linkedinдан фойдаланиб, тинмай резюме ва ният мактубларини жўнатавердим. Энг катта орзум эса, Tesla га ишга кириш эди. Хонадошим олмон қиз эди. У менга бекорга уриниб овора бўлаётганимни, немис тилини билмаганлигим учун ҳам бу ишни ҳеч қачон қўлга кирита олмаслигимни айтди. Ўшанда унинг гаплари менга қаттиқ ботди, аммо вақт ўтгач, унга ҳатто миннатдор бўлдим. Чунки сен эплай олмайсан деган сўзлар аслида инсонга бир туртки бўлиши,уни кўзлаган мақсади сари олға интилишга сабабчи бўлиши мумкин экан.

Кунлардан бир кун менга Tesla компаниясидан жавоб хати келди. Улар мен билан суҳбат ўтказмоқчи эканликларини айтишди. Жуда ҳаяжонландим, қандай ўтар экан деб ўйлай бошладим. Айтилган вақтда суҳбат учун қўнғироқ бўлди ва жуда ҳам самимий тарзда ўтди. Бир ой давомида ҳар ҳафтада 1 ёки 2 марта мен билан суҳбат ўтказишди, турли хил саволлар беришди ва охирида менга муддатсиз иш таклиф қилишди, яъни мен бу компанияда ўзим истаганча ишлаш ҳуқуқига эга бўлдим. Ўша кун мен учун жуда бахтли кун бўлди.

Ватандош: Иш жараёнингиз ва вазифангиз нималардан иборат?

Муштарий: Менинг соҳам асосан молия ва халқаро молия ишлари ва операциялар билан боғлиқ. Мисол учун, компаниянинг бир йиллик бюджет тақсимоти, харажатлари ва даромадларини ҳисоблаймиз ва бу бўйича таклифлар берамиз. Ишимни жуда яхши кўраман. Рақамлар билан ишлаб, завқ оламан. Вазифам жуда масъулиятли бўлгани учун ҳам катта диққат билан ишлашга тўғри келади.

Ватандош: Ишдан ташқари нималар билан шуғулланишни яхши кўрасиз?

Муштарий: Пазандачиликка жуда қизиқаман, гуллар парвариш қиламан. Карантин пайтида ўз пазандалик блогимни очтим ва ҳозирда кўплаб таъқибчиларим бор.

Ватандош: Қайси чет тилларини биласиз?

Муштарий: Рус, турк, инглиз ва немис тилларини.

Ватандош: Ватандошларимизга, ёшларимизга нималарни маслаҳат берган бўлар эдингиз?

Муштарий: Ҳеч қачон ўз орзуларингиздан воз кечманг, ҳамиша олға юринг. Қўлингдан келмайди, эплолмайсан деган инсонларга қулоқ солманг, негатив тарзда қабул қилманг. Мен албатта бажараман, денг ва ўзингизга ишонинг. Ўшанда атрофдагилар ҳам сизга ишонади. Бир натижага эришгунгача қўлингиздан келган ҳамма нарсани қилинг, барча имконларни ишга солинг. Ўз устингизда тинимсиз ишланг, билим ва малакангизни орттиринг. Аллоҳдан энг яхшисини сўранг, у албатта сўраганингизни беради. Машаққат ортидан албатта мукофот ҳам келади.

Ватандош: Муштарий, сиз билан танишганимиздан хурсандмиз. Келгуси ишларингизда омад ёр бўлсин. Албатта, бу муваффақиятлар сиз учун бошланишидир.