Толибон яна икки ҳудудни ишғол қилди

Афғонистоннинг Ғур ва Урузгон вилоятларидаги яна икки туман Толибон жангариларининг қўлига ўтди.

Ғур вилояти ҳокими Абдулзоҳир Фоиззоданинг айтишича, Толибон ҳукумат кучлари чиқиб кетишга мажбур бўлган Шоҳрак туманини ишғол қилган.

У мазкур туманни озод қилиш бўйича операцияга тайёргарлик кўрилаётганини ҳам қўшимча қилди.

Урузгон вилояти ҳокимининг матбуот котиби Умар Шерзод ҳам Гизоб туманини эгаллаб олган жангариларнинг фаоллашганини таъкидлаб ўтди. У яна ўтган кечаси Толибоннинг Чуре туманига ҳужум қилганини, аммо ҳужумни маҳаллий полициячилар қайтаришга муваффақ бўлганини ҳам айтди.

Толибон вакиллари Гизоб туманида 65 нафар хавфсизлик кучлари ходимларини асир олганликлари ҳақида баёнот берди.

Афғонистон Миллий Хавфсизлик Кенгаши матбуот котиби Раҳматуллоҳ Андарнинг айтишига кўра, биргина май ойида жангарилар 1455 марта қуролли ҳужумларни амалга оширишган, қурбонларнинг кўпчилиги эса тинч аҳоли вакилларидир. Ўтган ҳафтада улар туфайли 63 нафар тинч аҳоли вакили ҳаётдан кўз юмди, 126 нафари эса жароҳатланди.