Халқаро Амнистия Ташкилоти ҳисоботи: Яманда асирлар йиллар давомида қийноққа солинган

Яманнинг де-факто Ҳусийлар ҳукумати ўзбошимчалик билан ҳибсга олган маҳбусларни давом этаётган сиёсий музокараларда гаров сифатида ишлатмаслиги керак, дейилади Халқаро Амнистия ташкилотининг янги ҳисоботида.

Ушбу ҳисоботда маҳбуслардан сиёсий гаров сифатида фойдаланилгани таъкидланади. Бир неча йиллар давомида зўравонлик қурбонлари бўлган ва ноқонуний равишда ҳибсга олинган, давомий азоб-уқубатлардан сўнг озод қилинганлар учун эркинлик енгиллик келтирмади дейилади ҳисоботда. Чунки уларнинг ҳеч бирига уйга қайтиб, бир неча йиллик айрилиқдан сўнг оилалари билан кўришишларига рухсат бермадилар.

Қамоқда сақланиб, сўнг озод этилганларнинг айтишича, улар шунчаки овқат ёки сув сўраганликлари учун бир неча бор қайта-қайта қийноққа солинганлар.

Ҳисоботда собиқ маҳбусларга нисбатан қўлланилган даҳшатли қийноқлар тасвирланган. Мажбурий олиб кетилиш, ғайриинсоний шароитларда сақлаш, қийноққа солиш, тиббий ёрдамдан маҳрум этиш ва сохта айбловлар билан адолатсиз судларга тортиш каби умуминсоний қадриятларга зид ишлар батафсил ёритишга ҳаракат қилинган.