АҚШ конгрессменлари Шинжонда Ҳилтон қурилишига қарши

АҚШ Конгрессининг икки партияли комиссияси Hilton Worldwide компаниясини ўз номини Хитойнинг Шинжон минтақасидаги расмийлар томонидан бульдозерлар билан бузилган масжид ўрнида қурилиши режалаштирилаётган меҳмонхона лойиҳаси билан боғланишига йўл қўймасликка чақирди. Вашингтон Шинжонда озчилик мусулмонлар геноцид қурбонлари бўлганини айтиб келмоқда.

Пайшанба куни Hilton Worldwide Holdings.Inc компанияси президенти ва бош ижрочи директори Кристофер Нассеттага ёзган хатида демократ сенатор Жеф Меркли ва унинг вакили Жим Макговерн 2018 йилда Шинжоннинг Хўтан префектурасида вайрон қилинган масжид ўрнида Ҳилтон меҳмонхонаси қурилиши ҳақидаги хабарлар бўйича хавотир билдиришди.

Мактубда уйғурларга тегишли диний ва маданий ёдгорликларнинг йўқ қилиниши АҚШ ҳукумати томонидан Шинжонда мусулмонларга қарши геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар содир этилаётгани тўғрисида қарор қабул қилинишига ҳисса қўшганлиги айтилган.

“Ҳилтон Шинжон уйғур автоном республикасида яшовчи миллионлаб уйғурларнинг маданий жиҳатдан қатағон қилинишини абадийлаштириш ва тарғиб қилиш йўлида унинг номидан фойдаланишларига йўл қўймаслиги керак”, – дейилади хатда.

Америка-Ислом алоқалари кенгашининг маълумотларига кўра, Шинжон маъмурлари сўнгги йилларда 16 мингга яқин масжид ва зиёратгоҳлар ҳамда қабристонлар каби минтақадаги бошқа диний обидаларнинг ярмидан кўпини вайрон қилган ёки шикастлаган.