Асаларилар математик мисолларни еча олади

Асаларилар математик амаллар, хусусан, қўшиш ва айиришни бажара олади. Австралиялик олимлар ана шундай хулосага келганлар. Асаларининг миясида атиги миллионга яқин нейрон бўлса ҳам, у математик мисолларни еча олиш ва нол концепцияси каби математик тушунчаларни ўзлаштириш қобилиятига эга. Қиёслаш учун: одам миясида 90-95 миллиард нейрон мавжуд.

Одам болаликдан «+» қўшиш, «-» эса айириш белгиси эканини ўзлаштиради.

Бундай мисолларни ечишда одам узоқ ва қисқа муддатли хотирадан бир вақтнинг ўзида фойдаланади.

Математик мисолни ечиш усуллари узоқ муддатли хотирада сақланса, фаол бўлган қисқа муддатли хотира бевосита ечиш амалиётига жавоб беради.

Бунга қадар фақатгина одам ва юқори онгли приматларгина бу каби арифметик мисолларни ишлашга қодир, деб ҳисобланар эди.

Энди эса «математик жониворлар» қаторига асалари ҳам қўшилди.

Мелбурн Қироллик Технологик университети олимлари тадқиқотда иштирок этаётган 14 асаларини Y-шаклидаги фақат бир кириш ва икки чиқиш тешикчаси бўлган лабиринтга жойлаштирдилар.

Киришдан олдин асалариларга мовий ва сариқ рангли геометрик шакллар кўрсатилган: квадрат, ромб, доира учбурчак. Мовий ранг қўшиш, сариқ ранг эса айиришни англатган.

Лабиринтнинг ичида асаларилар таклиф қилинган икки суратдан чап ёки ўнгдаги чиқиш жойига элтувчи тўғри жавобни танлаши зарур эди.

4 соатдан 7 соатга қадар давом этган 100 уриниш ортидан асаларилар мовий ранг +1, сариқ эса -1 ни англатишини тушуниб етган.

«Тажриба давомида асаларилар нафақат маълумотни қайта ишлаш бўйича қўйилган вазифаларни бажарди, балки уларнинг арифметик ечимлар топишига ҳам тўғри келди,» дейилади доктор Скарлетт Ховард раҳбарлигида кечган тадқиқот баёнотида.

Айнан доктор Ховард ўтган йили асалариларнинг ноль мавҳум математик концепциясини тушуна олишини исботлаб берган эди: ўшанда ҳашаротларга турли объектлар сони тасвирланган икки карточка кўрсатилган.

Агар асалари объектлар сони кам бўлган карточкага қўнса, у мукофот эвазига ширинлаштирилган сув олган, аксинча бўлса, унга хинин қўшилган аччиқ сув берилган.

80 фоиз ҳолатда ҳашаротлар биринчи карточкани танлаган.

«Биз қўлга киритган натижалар кичик ўлчамдаги мия ёрдамида ҳам қўшиш ва айиришда қўлланиладиган арифметик белгиларни ўрганиш мумкинлигини кўрсатди,» таъкидланади тадқиқот баёнотида.